Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Иймон

Ғийбат

3213

Қуръони Каримда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларнинг ҳаёт тарзи, олди-берди, оила, ўзаро муносабатлари қандай бўлиши лозимлиги аниқ тизгилар билан тасвирлаб берди. Жумладан, ўзаро муносабатларда ғийбат қилмасликни мўмин бандаларга таъкидлаб шундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирортангиз ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчидир, раҳмлидир». (Ҳужурот сураси, 12-оят). 

Саҳобаи киромлар сўрашди: “Эй Расулуллоҳ, ғийбат нима?” “Биродарингнинг ўзи йўқ пайтида эшитса хафа бўладиган ишларини гапиришинг”, дедилар. 
Шунда саҳобалар: “Биз гапирган ҳолат унда бўлса-чи?” дейишди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сиз гапирган нарса унда бўлса ғийбат бўлади, агар унда бўлмаса унда туҳмат қилган бўласиз”, дедилар”. 

Демак ҳаётимизда энг кўп учрайдиган ҳолат: “Ғийбат эмас-у, лекин фалончи ундақ ёки бундоқ” – деган ҳолат кўп учрайди. “Ғийбат қилманг”, десангиз “ғийбат эмас, ҳақиқат”, дейишади. Ҳадисдан хулоса чиқариб айтадиган бўлсак, ҳақиқат бўлса ғийбат бўлар экан. Акс ҳолда туҳмат бўлар экан.
Минг афсуски, ҳозирги кунда ғийбат кўпчилик, айниқса аёлларнинг энг севимли “машғулоти”га айланди. Иккита одамни боши бирикса, кимнидир ғийбат қилади. Бу иш шунчалик оддий ҳолатга айланиб қолдики, уни ҳатто гуноҳлигини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Ҳатто баъзилари ўзаро суҳбатларни ҳам номини “ғийбат” қўйиб олишган. Ваҳоланки бу ишни гуноҳлигини Аллоҳ таоло ўз биродарининг гўштини ейишга тенглаб қўйган.

Шаръий китобларимизда ғийбатни турларидан бирига кўзи билан ёки қошлари билан ишора қилиб бировнинг устидан масхара қилиш ҳам киритилган. Демак, ҳар қандай ҳолатда бировнинг устидан кулиш ёки масхара қилиш мўъмин бандага жоиз эмас экан. 

Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтишимиз лозим. Ҳозирги кунда баъзи ёшларимиз бирон кишини кўча-кўйда бирор ноқулай вазиятга тушиб қолган ҳолатини телефонда тасвирга олиб, интернетга қўйиш ҳоллари ҳам учраб турибди. Бу ярамас иш ҳам ғийбатнинг бир туридир. 

Ғийбатнинг кечирилиш шартларидан бири – ғийбат қилган одамдан узр сўрашдир. Шу билан бирга ўша одамни ғийбат қилган даврада: “Мен фалончи ҳақида, фалон вақти ноўрин гап айтган эдим. Ўша гапим нотўғри экан. У одам яхши инсон экан. Мен ноҳақлик қилган эканман” – деган маънодаги гапларни айтиш лозим. 
Биз учун одатий ҳисобланган ғийбат ана шундай оғир гуноҳдир. Бу гуноҳдан сақланайлик. Тилимиз, гапимиз, хатти ҳаракатимиз билан бировга озор бермайлик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Мусулмон – тили ва қўлидан ҳеч ким озор чекмайдиган кишидир”. Аллоҳ таоло барчаларимизни ушбу ва бошқа гуноҳлардан сақланадиган бандаларидан бўлишимизни насиб этсин. 

Абилов Тошмуҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ахлоқус солиҳийн: ғийбат қилиб қўйганда гуноҳини қандай ювмоқ керак?

1990 19:05 26.04.2022

Ахлоқус солиҳийн: ғийбат ва намийма хусусида ҳадису ҳикматлар

1477 19:05 25.04.2022

Ахлоқус солиҳийн: ғийбат ва чақимчилик

1353 19:10 22.04.2022

Рамазоннинг бошқа ойлардан фарқи 

1300 16:10 04.04.2022

Ғийбат ҳақида

1812 15:00 23.07.2021

Ҳозирги кундаги барча балоларга ғийбат сабабдир

1749 20:56 14.11.2020
« Орқага