(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм)
Аллоҳнинг дўстларидан бизларгача ғийбатнинг қанчалик қабиҳлиги, хавфлилиги ва ёмон оқибатлари ҳақида ўта қадрли ва ибратли панду насиҳатлар етиб келган. Албатта, бу сўзлар биродарларга шу ишларнинг ўта ёмон эканлигини англатиб, ундан узоқ юришларини таъкидлаш учун айтилгандир. Мазкур ҳикматли эслатмалардан баъзиларини биз ҳам шоядки кимларнидир ғафлату жаҳолатдан уйғотар деган маънода зикр қилишни ўринли деб билдик.
1. Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
“...Гуноҳ бобида кишига бир мусулмон биродарини камситишининг ўзи кифоя қилади. Мусулмон учун биродарининг қони, мол-мулки ва обрўсини тўкиши ҳаромдир” (Муслим ривояти).
2. Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
“Ғийбатдан сақланинг! Ғийбат зинодан ҳам ёмондир. Зеро, киши зино қилиб, охири тавба қилса, Аллоҳ афв этиши мумкин. Ғийбатчига келадиган бўлсак, Аллоҳ уни ғийбат қилинган киши кечирмагунича афв этмайди” (Жобир ва Абу Саъиддан ривоят қилинган, Ибн Абу Дунё ривояти).
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
“Чақимчилар жаннатга кирмайдилар” (Муслим ривоят қилган).
4. Ҳазрат Пайғамбар Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
– Сизларга Аллоҳнинг ёмон бандалари кимлар экани ҳақида хабар берайми?
Саҳобийлар жавоб бердилар:
– Ҳа, ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам!
Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
– Чақимчилик қилиб юрувчилар, дўстларнинг орасини бузувчилар ҳамда бегуноҳ кимсаларга туҳмат қилувчилар! (Бухорийда ҳам шу мазмунда келган)
5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Ҳаё пардасини йиртган кишини гапириш ғийбатга кирмайди” (Анас ибн Моликдан ривоят қилинган, Байҳақий ривояти).
6. Ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
“Фосиқдан огоҳлантириш – бу ғийбат эмас” (Табароний ривояти).
7. Солиҳлардан бири айтган экан:
“Одамларни ғийбат қилаётган киши гўё ўзига манжаниқ тиклаб барча яхшиликларини мағрибу машриққа отаётган кимсага ўхшайди”.
8. Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳдан ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Гўштни қаттиқ яхши кўрадиган хонадон соҳибларига Аллоҳ ғазаб қилади”, деган ҳадиси маъносини сўрадилар. У зот бу ҳадисда
бошқаларни ғийбат қилишни ўзларига раво кўриб, уларнинг “гўштини ейдиганлар” кўзда тутилган, дея шарҳладилар.
9. Ҳасан Басрий қуддиса сирруҳуга хабар бердилар:
– Фалончи сиз ҳақингизда ёмон сўз айтди.
У солиҳ зот ғийбат қилганга бир патнис ширинлик юбориб, шу сўзларни ҳам етказишларини марҳамат қилдилар:
“Менга ўз яхшиликларингизни армуғон этганингиз маълум бўлди, шунинг учун имконим борича миннатдорлик билан сизни тақдирлашга қарор қилдим”.
10. Абдуллоҳ ибн Муборак қуддиса сирруҳу ҳузурларида ғийбат ҳақида сўзлашганида у зот шундай дедилар:
“Агар кимнидир ғийбат қилишни ўзимга раво кўрганимда, бунинг учун ота-онамни танлаган бўлардим, чунки яхшиликларимни олишга энг ҳақлиси улардир”.
11. Имом ибн Атоуллоҳ қуддиса сирруҳу дедилар:
“Бирортасининг ақлу фаросатини синамоқчи бўлсанг, ундан кимнингдир шахсини сўраб, ўзини қандай тутишига эътибор қил. Борди-ю эсланган одамнинг камчилигини гапириб, у ҳақда тахминан: “Уни қўявер, у ундай, у бундай ва фалон хилдаги ёмон ишларни қилган...” – дейдиган бўлса, билгинки, бундай одамнинг ақлида ноқислик бор, унинг ички дунёси харобдир.
Негаки, мўмин киши ўзининг диндош биродарининг обрўсини сақлашга ҳаракат қилиши керак эди”.
12. Бир араб шоири шундай ёзади:
Тиғ яраси тезроқ битар, Сўз яраси узоқ кетар.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг 19.12.2019 йилдаги №7231-сонли хулосаси асосида тайёрланди.
https://t.me/Azonkitoblari