Ибн Қосим раҳимаҳуллоҳ айтади: "Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ эшигида ўн етти йил бўлдим. Бу ерда савдо сотиқ учун бўлмадим, балки илм олдим.
Бир куни у зот ҳузурида эканимда ҳожилар келишди. Улар орасидаги юзини ёпиб олган бир йигит имом Моликка салом берди ва: "Орангизда ибн Қосим борми?", деди. Менга ишора қилинди.
У йигит мени олдимга келди-да, қучоқлаб кўзларимдан ўпа бошлади. Ундан жуда ҳам роҳатбахш ҳидни туйдим. Бу – фарзанд ҳиди эди.
Билсам, бу менинг фарзандим, жигарбандим экан. Унинг онаси мен илм талабида сафар қилганимда ҳомиладор эди. Бу ўша фарзандим бўлиб, исми Абдуллоҳ экан.
Сафар олдидан онасидан узоқ муддатга ижозат сўрабди. Онаси бунга рози бўлибди ва ҳатто илм сафари учун бирон жойда қолиб кетишга ҳам рухсат этибди".
("Ал-фатҳур-роббоний" китобидан).
Илм талаб қилиш узоқ муддатни талаб этади. Бир икки йилда олим бўлиш орзуси ноқисдир.
Салаф ва ҳалаф уламолари илм талабида узоқ муддатларни ихтиёр этишган.
Улар аввало уйидаги аҳволни, уй аҳлига қаровчи инсонларни тайин этар ва сўнгра илм талабида узоқ муддат сафар этишар эди.
Ҳар ҳолатда ҳам, уйдан узоқдами ёки ўз еримиздами илм талабини тўхтатмаслигимиз лозим.
Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ