…Язид дунёдан ўтган куни одамлар унинг васиятига кўра ўғли Муовияни халифа этиб кўтаришди. У ниҳоятда тақводор, оқил киши эди. Қирқ кун (бир ривоятда икки ой, яна бошқа ривоятда беш ой) халифалик қилгач, истеъфо бериб, ўзини халифаликдан бўшатди. Сўнг минбарга чиқиб, анча сукут сақлаб ўтирди ва ўрнидан туриб, Аллоҳ таолога ўта гўзал тарзда ҳамду сано айтди. Ортидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни жуда чиройли салавот ва саломлар билан эслади.
Кейин шундай деди: «Эй одамлар! Менинг сизларга амир бўлишга рағбат ва хоҳишим йўқ. Бобом Муовия уни (амирликни) Расулуллоҳга қариндош бўлгани ва буюк фазли туфайли халифаликка ўзидан ҳам, бошқалардан ҳам лойиқроқ бўлган инсондан тортиб олди. У зот муҳожирларнинг қадри энг улуғи, қалби энг шижоатлиси, энг илмлиси, иймонда энг аввалгиси, обрўда энг шарафлиси, саҳобаликда энг қадимгиси эди. Ўзингиз билганингиздек, бобом ана шу ишларни қилди, шундай улуғ одам билан урушди. Сизлар ҳам ўзингиз билмаган ҳолда у кишига шерик бўлдингиз. Ҳатто ишлар бобомнинг қўлига ўтди. Қазои қадар келиб, ажал қўли у кишини тортиб олиб кетгач, ўз амали билан қабрида ёлғиз қолди. Дунёда қилган амалларининг жазосини кўрди.
Кейин эса халифалик отам Язидга ўтди. У киши отасининг хоҳишига кўра сизларга бошлиқ бўлди. Отам Язид ёмон феъли ҳамда ўз нафсига қилган зулми сабабли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматига халифалик қилишга муносиб эмас эди. У ҳавойи нафсига эргашди, ўз хатосини гўзал санади, Аллоҳнинг қаршисида журъатли бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам авлодларининг ҳурматига тажовуз қилди. Шунинг учун ҳаёти ҳам узоққа чўзилмади, ортидан нишонаси ҳам қолмади. Энди қабр чуқурида амали, хатолари ва гуноҳларига жавобгар бўлиб қолди, у ерда ўзи жўнатган нарсаларини топди. Энди эса пушаймонлик фойда бермайдиган жойда пушаймон бўлмоқда. Биз ундан ажраганимизга маҳзунмиз, аммо аслида унинг ҳолига ачинганимиздан маҳзун бўлишимиз лозим эди. Кошки (қабрда) унинг нима деганини ва унга нима дейилганини билсам. Ёмонликлари учун жазоландими ёки амали учун мукофотландими, мана шу менинг гумонимдир».
Муовия бу гапларни айтиб, ҳўнграб юборди, узоқ йиғлади. Сўнг: «Энди мен уларнинг учинчиси бўлдим. Биламан, мендан норози бўлганлар рози бўлганлардан кўпроқ. Мен сизларнинг гуноҳларингизни кўтара олмайман. Илоҳим Аллоҳ жалла жалолуҳу сизларнинг гуноҳ ва масъулиятингизни ўзимга юклаб олганимни кўрмасин. Бу ишни (раҳбарликни) мендан олиб, уни устингизда раҳбар бўлишига рози бўлган одамингизга топширинглар. Мен сизларнинг бўйнингиздан байъатимни қайтариб олдим. Вассалом» деб, минбардан тушди.
Аҳмад Муҳаммад