Президент Тоййиб Эрдоған давом этаётган телефон дипломатияси давомида, у “Аё София”даги барча ёдгорликлар сақланиб қолишини давлатлар раҳбарларига тушунтираётганини таъкидлаб: “Султон Меҳмед бир вақтнинг ўзида православларнинг ҳам раҳбари ва ҳукмдори бўлган. «Аё София»нинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча ишлар жуда эҳтиёткорлик билан олиб борилмоқда", деган.
Кеча, 13 июл куни президент Эрдоған бошчилигида Туркия Адолат ва Тараққиёт Партияси Марказий Ижроия Қўмитаси йиғилишининг кун тартиби асосан «Аё София»нинг ибодат учун очилишига бағишланди. Қўмита аъзолари Эрдоғанга бу борадаги қатъий позицияси учун миннатдорчилик билдирди, уларнинг баъзилари 24 июл куни биринчи намозда қатнашишни хоҳлашларини айтишди. Эрдоған уларга шундай деди: “Ҳеч қандай таклиф керак эмас. Азоннинг ўзи ҳамма учун таклифдир. Биз ҳаммамиз бирга бўламиз. Биз ҳам сизни кутмоқдамиз".
Эрдоған, «Аё София» ибодатхонаси очилганидан кейин, кўплаб раҳбарлар унга қўнғироқ қилиб, қўллаб-қувватлаганини айтган. Баъзи бир ҳамкасблари билан музокаралар чоғида Эрдоған: «Аё София» давлат кенгашининг қарори билан ибодат учун очилди. Бу нафақат мусулмонлар учун ибодат жойидир. Биз «Аё София»ни қутқарамиз ва бундан буён унга бепул ташриф буюриш мумкин бўлади. Бу инсониятнинг умумий мероси", деб айтган.
Эрдоған: “Ҳамма «Аё София»ни, шунингдек, Султон Аҳмет ва Сулаймония масжидларини зиёрат қила олади. Фотиҳ Султон Меҳмет бир вақтнинг ўзида православларнинг ҳам раҳбари, ҳукмдори эди. Бизда Юнон православ черкови бор. «Аё София» илгари масжид эди, кейин у музейга айлантирилди, энди яна масжидга айланди. Тарихий бино ҳимоя қилинади. «Аё София»нинг барча хусусиятлари сақланиб қолади", деди.
Бундан ташқари, Эрдоған «Аё София»нинг тарихий меросини сақлаб қолиш учун Президент маъмурияти, Дин ишлари бўйича бошқарма, Маданият ва туризм вазирлиги ҳомийлигида илмий кенгаш ташкил этилганлигини, унинг таркибига ўқитувчилар ва тарихчилар кирганини ва ушбу кенгаш жуда пухта иш олиб бораётганини маълум қилди. Хабар қилинишича, «Аё София»да намоз пайтида мозаика ва фрескалар махсус тизим ёрдамида ёпилади ва бу иш Илмий кенгаш томонидан олиб борилмоқда.
Мумкин бўлган эрта сайловлар ҳақидаги саволларга тўхталган президент Эрдоған: "Ҳеч қандай эрта сайлов бўлмайди, мақсад 2023 йил", деб жавоб берган.
Президент Эрдоған мамлакат иқтисодиёти яхши ҳолатда эканлигини, банклар билан музокаралар олиб борилаётганлигини ва фоиз ставкалари иложи борича тезроқ туширилишини таъкидлади.
Партия Марказий ижроия қўмитаси йиғилишидан кейин Адолат ва Тараққиёт Партияси вакили Ўмер Челик: “... маданий мероснинг бир қисми бўлган ва ибодат жойлари сифатида очилган жойлар мавжуд. ЮНEСКО билсинки, Туркия бу ерда жойлашган жаҳон меросини муҳофаза қилиш бўйича барча ҳамкорликка тайёр. «Аё София»нинг барча хусусиятлари сақланиб қолади. Греция пойтахтида масжиди бўлмаган ягона мамлакат. Улар бу ҳақда гапириши керак бўлган охирги одамлардир...”, деган.
«Аё София» мавзуси, бу мавзуни кўтарган Россия президенти Владимир Путин ва Президент Тоййиб Эрдоған ўртасидаги телефон суҳбатида муҳим мавзу бўлганлиги маълум қилинди. Кремлнинг баёнотида қайд этилишича, Россия раҳбари ушбу муаммонинг Россияда юзага келган резонансига эътибор қаратди. Туркия президенти: «Аё София»ни ноёб тарихий ёдгорлик сифатида зиёрат қилиш имкониятига ҳамма эга бўлиши ва ушбу тарихий бинода христиан оламининг барча белгиларининг хавфсизлиги таъминланади”, деб батафсил тушунтиришлар берди.