Масжидул ҳаром ва Масжиди Набавийда бу галги жума намози одатий тартибда ўқилди. Коронавирус пандемияси туфайли мазкур масжидларда ҳам бир қатор чекловлар жорий этилган, хусусан, ижтимоий масофага риоя этиш талаб қилинаётган эди.
Орадан бир ярим йил ўтгач, Масжидул ҳаром ва Масжиди Набавийда ўқилган жума намозларида одамларнинг тўлиб тошгани бутун дунё мусулмонларини хурсанд қилди.
«Масжид йўлаклари бўлаб кетар экансиз, атрофингизнинг одамлар билан тўлгани бахтдир. Ҳимоя ниқобларида бўлсак ҳам, бунинг аҳамияти йўқ. Чунки масжид яна намозхонлар билан жонланади. Чекловлар юмшатилгач, Масжидул ҳаром ҳовлисининг тўлиб-тошганини кўриш қувонарлидир», – дейди Маккада яшайдиган Абдулла Маҳдий.
Эслатиб ўтамиз, ўтган шанба куни Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги коронавирус билан боғлиқ чекловлар юмшатилганини маълум қилган эди.