Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Улуғ зотлар устозларини шундай ҳурмат қилишган...

2240

Имоми аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: "Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат у, балки, кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимга нимадир ўргатган бўлсам, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман".

Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ: "Мен дуода аввал Абу Ҳанифанинг ҳаққига дуо қилиб, кейин ота-онамни тилга оламан", дер эди.

Имом Шофеийнинг шогирди Рабийъ айтади: "Аллоҳга қасамки, Шофеий қараб турган пайтда ҳатто сув ичишга ҳам журъат қилолмасдим".

Имом Шофеийнинг ўзлари эса шундай хотирлайдилар: "Имом Моликнинг ҳузурида ўтирсам, шарақлаган товуши эшитилмасин деб, китобни ўта эҳтиёткорлик билан варақлардим".

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ ҳикоя қиладилар: "ўттиз йилдан бери бирон-бир кеча ўтмаганки, агар Шофеийнинг ҳаққига дуо қилмай ухлаган бўлсам".

Муҳаммад ибн Бишр айтади: "Илм олиш учун ҳам Абу Ҳанифа, ҳам Суфён (Саврий) ҳузурига қатнар эдим. Абу Ҳанифанинг ҳузурига келганимда "қаердан келяпсан?", деса, "Суфённинг олдидан", дер эдим. Шунда у "сен шундай одамнинг ҳузуридан келяпсан-ки, ҳатто Алқама* ва Асвад*лар тирик бўлганларида ҳам унга ўхшаган инсон(нинг илми)га муҳтож бўлардилар", дер эди. Кейин, Суфённинг ҳузурига борардим ва у ҳам "қаердан келяпсан?", деб сўрар ва мен "Абу Ҳанифанинг ҳузуридан", десам, "сен Ер аҳлининг энг кучли фақиҳи ҳузуридан келяпсан", дерди" ("Тариху бағдод". 15-жилд, 471-бет;).
-------------------------------------------------------
* Алқама ибн Қайс Нахаий тобеинлардан бўлиб, Кўфадаги энг катта фақиҳ, ҳадис ровийси, олим ва муқрийларидан бири ҳисобланади.

* Асвад ибн Язид Нахаий Кўфалик машҳур тобеинлардан ва ҳадис ровийси, муқрий, олим ва фақиҳ кишилардан.

Алишер Султонхўжаев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Устозлар байрами илк бор Самарқандда

866 10:25 29.09.2022

"Бу — менинг йўлим! Мен мусулмонман!" — Мубашшир Аҳмад

1427 12:15 17.09.2022

Олим етиштириш осонмас…

1043 13:35 18.08.2022

Юртимиздаги ўқитувчилар сони маълум қилинди

1611 10:13 01.10.2021

Жума мавъизаси: Исломда устоз ва уламоларга эҳтиром

3068 07:16 01.10.2021

Устозлар ҳақи

2287 19:10 30.09.2021
« Орқага