Туркиянинг Кўня вилояти Карапинар туманида яшовчи 15 ёшли Ирем Ашкин Қуръони каримни ўқишни ўрганиш учун курсга бориб, уни уч ойда тўлиқ ёдлади. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги хабар бермоқда.
Айни пайтда Ирем лицейда сиртдан ўқимоқда, келгусида университетда ҳам ўқишни ва шифокор бўлишни ният қилган. У Қуръон курсида кунига 1 саҳифадан ёдлай бошлади. Сўнг устози буни 5 саҳифага, ундан кейин 7, сўнг 10 саҳифага, охир-оқибат 1 порага чиқарди.
«Бир саҳифани узоғи билан билан 15 дақиқада, 20 саҳифани 6-7 соатда ёдладим. Аллоҳнинг изни билан уч ойда ёдлаб тугатдим, жуда хурсандман, – дейди Ирем. – Ота-онам ҳам хурсанд бўлишди. 600 саҳифани ёдлаш осон эмасди, лекин тугагандан кейин ҳаяжондан йиғладим».
Карапинар тумани муфтийси Юнус Ойдин Иремни, оиласини ва устозларини табриклади.