Тожикистон Молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода мамлакат ташқи қарзининг умумий миқдори 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра 3,2 миллиард доллардан ортиқни ташкил этганини маълум қилди. Ушбу сумманинг қарийб 1,1 миллиард доллари Хитойга тўғри келади, бу эса Тожикистон ташқи қарзининг қарийб 35 фоизи демакдир.
Вазирнинг сўзларига кўра, бу қарз Хитой Эксимбанкидан олинган кредитлар натижасида шаклланган.
“Дунёда ташқи қарзи бўлмаган давлат йўқ. Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш учун кредит ва грантларни фаол жалб этмоқда. Имтиёзли кредитлар бўлса, Тожикистон барча ривожланган давлатлар, жумладан, Хитой билан ҳам ҳамкорлик қилади”, – деди Файзиддин Қаҳҳорзода.
Молия вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, Тожикистоннинг Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки ва Халқаро валюта жамғармасига қарзлари бор.
Файзиддин Қаҳҳорзода давлат қарзининг даражаси мамлакатнинг стратегик ҳужжатлари меъёрлари ва халқаро молия институтларининг тавсияларига мос келишини таъкидлади.
Унинг айтишича, жорий йилнинг биринчи ярмида ташқи қарзга хизмат кўрсатишга 232 миллион доллар, хусусан, асосий қарзни тўлаш учун 157,2 миллион доллар ва фоизларни тўлашга 74,8 миллион доллар ажратилади.