Мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этади. Фарзандларимизнинг илмли, ахлоқли бўлиб камолга етишларига уйда ота-оналар, ўқув юртларида эса муаллим ва устозлар астойдил жон куйдиришлари керак. Ўғил-қизларимизни илм-маърифатга ошно қилишдан ҳеч ким четда турмаслиги лозим.
Улуғ маърифатпарвар аллома Маҳмудхўжа Беҳбудий ёшларга мурожаатномасида, жумладан, бундай ёзади: “...Ушбу тараққий этган замонда илмсиз, маърифатсиз, қуруқ таассуб билан яшаб бўлмайди. Ҳозирги замонавий тараққиёт ва ривожланиш шундай кучли бўлмоқдаки, озгина фурсат ўтар-ўтмас қуруқ ва чириган таассубларимизни илдизи билан қўпориб ташлайди. Шунинг учун барча ёшларимиз бу борада бир нарсага таянишлари мумкин.
Бу нарса илму маърифатдир” (“Ойна” журнали, 1914 йил, 41-сон).
Таниқли таржимон, миллатпарвар зиёли Шокир Долимов Акмал Мираваз ўғли қаламига мансуб “Тарбиянинг олтин калити ёхуд йўлдаги белгилар” китобини рус тилига таржима қилди. Ушбу рисолада ўзидан бошқани ўзгартириш учун ҳаракат қилиш, беҳуда уриниш - бахтсизлик учун қўйилган илк қадам эканлиги баён этилади. Инсон бахтли бўлиши учун, аввало, ўзини, яъни фикрини ўзгартириши лозим, Шундагина у бошқаларни ўзгартира олади, ўзини бахтли қилиш орқали атрофидагиларнинг саодатли бўлишига ҳисса қўшади.
«Тарбиянинг олтин калити ёхуд йўлдаги белгилар» китобида фарзанд тарбиясининг психологик жиҳатлари, оила қўрғонини асрашнинг самарали усул ва услублари ҳар томонлама таҳлил қилинган.