Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Сув балосидан сақланинг!..

2782

Ёз фасли келиши билан ҳамма салқинлаш учун тоғлар-у салқин жойларга чиқишнинг ҳаракатига тушиб қолади. Мактабдан таътилга чиққан болалар ҳам кўп вақтини яқин атрофдаги сув ҳавзаларида ўтказа бошлайди. Минг афсуски, болаларнинг ўйинқароқлиги, кейинини ўйламаслиги ва катталарнинг бепарволиги сабабидан ҳар йили ёз мавсумида сувга ғарқ бўлиш ҳодисалари кўпая бошлайди. Бу ҳар йили такрорланаверади, бироқ камдан-кам одам бундан тегишлича хулоса чиқаради. 

Биз оддий одамлар сувда чўкаётганлар хақида мутлақо янглиш тушунчаларга эга эканмиз. Биз ўйлаймизки, чўкаётганлар худди кинолардагидай қўлларини сувга шалоплатиб, бор овозлари билан ҳаммани ёрдамга чақиради, деймиз. Аслида бу ундай эмас. 
Чўкаётганлар камдан-кам холлардагина овоз чиқариб атрофдагиларни ёрдамга чақира оларкан.

Статистик маълумотларига кўра, 15 ёшгача бўлган болалар орасида автоҳалокатлардан кейин иккинчи ўринда сувда чўкиб ўлиш кўрсаткичи тураркан. Янада даҳшатлиси чўкиб ўлаётган болаларнинг хар иккидан бири ўз яқинлари кўз ўнгида, 10-20 метр узоқликдаги масофада ўларкан.

Америкалик тадқиқотчи олим доктор Пиа шу масалада қуйидаги таҳлилларини баён қилади:

  1. Чўкаётганлар камдан-кам холлардагина овоз чиқариб ёрдамга чақира оладилар, чунки нафас олиш тизими бундай фожиали дақиқаларда фақат нафас олиш учунгина ишлайди, холос.
  2. Чўкаётганларнинг оғзи фақатгина ҳаво олишга ҳаракат қилади ва сув ютиши натижасида у овоз чиқара олмайди.
  3. Чўкаётганлар қўлларини шалоплатиб атрофдагиларни ўзига қарата олмайди, чунки у сувни итаришга харакат қилади ва қўллар кўпроқ тепага эмас, балки пастга ва ён тарафларга харакатланади.
  4. Чўкаётганларнинг танаси афсуски горизантал эмас вертикал холда қолади, тана массаси фақатгина ўз зарарига ишлайди ва фақат пастга қараб кета бошлайди.
  5. Чўкаётганлар мияси хам қўрқувдан фалажланиб қолади ва мустақил ҳаракатланишга халақит беради, тана инстинкт билан ҳаёт учун курашса-да, бу кураш бор-йўғи бир неча дақиқаларгина ёрдам бериши мумкин, холос.
  6. Чўкаётганларнинг кўзи қотиб қолади ва ундан сиз хеч нарса англай олмайсиз.
  7. Чўкаётганлар гўё сузишни машқ қилаётгандай ёлғон кўриниш бериши мумкин.

Сувда сузиш, улоқ миниш, камондан ўқ узиш каби амаллар мўмин инсон учун суннат амалларидир.

Имом Бухорий ва имом Аҳмад Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорда камон отиш мусобақасини ўтказаётан асламлик кишилар ҳузуридан ўтиб қолдилар ва:
«Эй бани Исмоиллар! Отинглар! Отангиз мерган эди. Отинглар! Мен бани фулон биланман!» дедилар. Шунда тарафлардан бири қўлларини тийдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларга нима бўлди? Отмай қўйдинглар?» дедилар. Улар:
«Сиз улар билан бўлсангиз, қандай ҳам отар эдик?!» дейишди. Шунда у зот:
«Отинглар! Мен ҳаммангиз биланман!» дедилар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш авлоднинг соғлом бўлиб ўсишини таъминлаш борасида ота-оналарни фарзандларини бадантарбия билан шуғуллантиришга тарғиб қилганлар. У зот:
«Авлодларингизга сузишни, отишни ва от минишни ўргатинглар», деганлар.

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:
«Ёзишни, сузишни ва отишни ўргатиш фарзанднинг ота-онадаги ҳақидир», дейилган.

Демак, ўз фарзандларимизга сузишни ўргатишимиз худди савод чиқаришдек муҳим амаллардан экан. Ота-оналар, айниқса, ёз фаслида ўз болалари устидан назоратни кучайтиришлари лозим. Бепарво бўлиш ярамайди, чунки “сўнгги пушаймон – ўзингга душман” дейди халқимиз.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Миср Нилга параллел сунъий дарё қурмоқда

1811 09:21 12.07.2023

Покистон ва Ҳиндистонга табиий офат яқинлашмоқда

2998 16:40 12.06.2023

Бир кунда қанча сув етарли? – Олимлар тадқиқоти

1593 17:30 27.11.2022

Оқар сувни ҳам исроф қилманг!

1138 15:30 24.07.2022

Тошкент суви ичишга яроқлими?

1625 16:45 19.06.2022

Хитой Ойда сув борлигини тасдиқлади

1341 17:00 16.06.2022
« Орқага