Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Шайтон ҳийлалари, васвасалари ва улардан сақланиш йўллари 

5578

Умар розияллоҳу анҳу ҳузурида Ғайлон (саҳро жинлари) зикр қилинди. У киши: “Дарҳақиқат, бирон кимса Аллоҳ таоло уни яратган хилқатини ўзгартира олмайди. Лекин сизлардаги сеҳргарлар каби, уларнинг ҳам сеҳргарлари бор. Қачонки шу ҳолатдан бир нарсани кўриб қолсангиз, азон айтинглар.   

Арабларда саҳро жинларини ғайлон дейилади. У саҳродагиларга турли суратларда кўриниб қўрқитадиган, зарар берадиган тоифа. Умар розияллоҳу анҳуга ғайлон ҳақида айтилганида ўзи аслида аслий хилқатни ҳеч ким ўзгартира олмайди, аммо одамларнинг сеҳргарлари турли кўзбўямачилик, алдов билан алдашгани каби, жинларнинг сеҳргалари ҳам турли шамоилларда кўриниб сизларни ваҳимага солади. Мабодо шунақа ҳолга учраб қолсангиз, азон айтиб юборинглар, шунда зарар қила олмайди, деб айтган экан.  
 
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Динор ва дирҳам зарб этилган чоғда шайтон уни кўзларига устига қўйиб, “Сен қалбим меваси ва кўзим нурисан-ки, сен билан инсонларни туғёнга ва куфрга кетказаман. Сен билан дўзахга киргазаман. Одам боласини сени севиш ила дунёга қул бўлишига розиман”, деб айтди. 

 
Ислом шариати инсонни бой бўлишдан тўсмайди. Аммо бойликка қул бўлиб, ҳалокат сари қадам ташлашдан ман этган. Бой инсонларда фақир кимсадан кўра кўпроқ имкон бор. Зино қилиш, ҳаром ҳариш ишлар қилишга пули кўпроқ инсонда имкон кўпроқ бўлиши маълум. Шайтон юқорида айтган “сен сабабли ҳалокат сари бошлайман, қизиқтираман, чорлайман” сўзи мол дунё сабабли туғёнга кетадиганларга айтилган.  
 
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу девор ёнига чиқиб, шовқин сурон товушини эшитиб қолиб: “Бу нима?”, деди. Жинлардан бири у кишига: “Меваларингиздан олиш истагида эдик, майлими?”, деди. У киши: “Майли”, деди. Иккинчи кеча ҳам худди шундай товуш эшитиб сўраган эди, жин яна ўша гапни айтиб, ўша рухсатни сўради. У киши яна “Майли олаверинглар”, деди-ю, сўнгра “Сизлардан бизни нима асрайди?”, деб сўради. Шунда жин: “Оятул-Курсий”, деди. 
 
Жинлар инсонлар таомларидан манфаатланиши маълум. Улардан сақланиш воситаларидан бири эса, “Оятул Курсий” ни ўқиш. Бундан бошқа сақланиш йўллари ҳам келтирилган.  
 
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Мўминнинг шайтони қоқсуяк бўлади”. 
 
Яъни, мусулмон кимса доимий таомланиш аввалида “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” ни айтиши боис шайтон бирга таомлана олмай озиб тўзиб кетади. Чунки, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” билан еб ичилса шайтон қўшилиб еб ича олмайди.  
 
Абу Холид Вобилий раҳимаҳуллоҳ айтади:  “Умар розияллоҳу анҳуга элчи ўлароқ сафарга чиқдим. Мен билан аҳлиям ҳам бор эди. Бир манзилга тушдик. Шунда у ердан ёш гўдаклар шовқин-суронига ўхшаш (қўрқинчли) товушлар эшитила бошлади. Мен баланд товуш билан Қуръон ўқий бошладим. Қаттиқ тақиллаганга ўхшаш қўрқинчли нарсанинг овози эшитилди. Бу ҳақида манзил эгасидан сўраган эдим  “Бу жойни шайтонлар эгаллаб олишган” деди. Ундан шу уйни сотиб олдим-да, унда доимий тарзда Қуръон ўқийвердим.  Бир муддатдан сўнг шайтонлар уйни бутунлай тарк этишди”. 
 
Баъзан шундай воқеъалар учраб қолади. Уй олинадию у уйда ҳар ҳил товушлар, шарпалар бўлади. Уй эгалари бу ҳолатдан қўрқув хавотирга тушишади, сотиб юборишади. Бу ўша жойга ўрнашиб олган жин шайтонлар бўлиб, доимий Қуръон ўқилиши, маъсур дуолар ила бўлиш сабабли ўша шайтону жинлар у жойни тарк этишади. Ҳар ҳил бидъат ҳурофот маросимлар қилиб, жинларга жонлиқ сўйиш билан ҳаром иш қилмасдан, мана бу тавсияларни амалга оширсак, ақл ва фаросат билан ҳамда шариатга мувофиқ иш қилган бўламиз. 
 
Муторриф ибн Шухайр раҳимаҳуллоҳ сўради: “Агар бир кимса овни кўрса-ю, ов уни кўрмайдиган бўлса, овни тутиб олиши ҳақида шак бўладими?”. “Йўқ”, дейишди. У киши: “Шундай, шайтон ҳам бизни кўради, биз эса уни кўрмаймиз. Шундан бизга зарари етади-да”, деди. 
Яна бундай деб айтган: “Мен инсон боласини Аллоҳ таоло ва шайтон ўртасига ташлаб қўйилган нарсага ўхшатаман. Аллоҳ унга раҳм қилишни истаса Ўзига ибодат қиладиган қилиб қўяди. Агар буни истамаса уни Ўзи ва душмани ўртасига қолдиради”. 
 
Оятда шайтонлар бизни кўриши ва биз эса уларни кўра олмаслигимиз марҳамат қилган. Кўринмас душман ҳар доим хавфли бўлади. Шайтонлар кўринмай васаваса қиладиган душман. Аллоҳ таоло ўзи хоҳласа бандага раҳм қилиб, улардан Ўз паноҳида асрайди. 
 
Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ айтади: “Иблис Одам боласи Аллоҳга сажда қилганида додлаб қолиб, “Бу кимса саждага буюрилди ва сажда қилди, энди унга жаннат бўлар. Мен ҳам саждага буюрилдим ва сажда қилмадим, менга эса дўзах бўлди”, дейди”. 
 
Банданинг Роббига энг муқарраб вақти саждадир. Ўша сажда қилиш вақти шайтонларни додлатадиган, уларни хорлайдиган ўриндир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам муқарраблик сўраган саҳобага кўп сажда қилиб ўзига ёрдам қилишни тавсия қилганлар. 
 
Абу Жулд раҳимаҳуллоҳ айтади: “Кечиктириш (яхши амални кейинга суриш) ни иблис аскарларидан бири деб билдим. Аллоҳ халқларидан жуда ҳам кўпи мана шу кечиктириш ила ҳалок қилинган”. 
 
Яъни, “Эртадан тавба қиламан, минбад бу ишларни қилмайман, индиндан намоз ўқишни бошлайман, уч кундан кейин ҳаром ҳариш иишларни мутлақ ташлайман”, каби кечиктириб юравериш шайтон аскарларидан, қуролларидан бири бўлади. Кўпгина қавмлар, инсонлар шунақа кечиктириш сабаблиҳалок бўлишади. Чунки, Аллоҳ ажали муқаддардир, таниш билиш, бой камағал, катта кичикни тан олмайди, бир сония ҳам кечикмайди.  
 
Ҳасан ибн Солиҳ  раҳимаҳуллоҳ айтади:  “Шайтон банда учун тўқсон тўққизта хайр эшигини очиб, улар орқали шаррни истайди”. 
 
Шайтон инсонниннг очиқ ойдин душманидир. Ёмон амаллар орқали васваса қила олмаса, яхши амаллар орқали уриниб кўради. Садақани миннат қилиш, яхшиликларни мақтаниш, хайрли амалларни риё учун қилиш, ибодатларни одамлар мақташи учун адо этиш каби амаллар аслида хайрли кўрингани билан шайтон  булар орқали ёмонликка ундаб, васаваса қилади. 
 
Абу Ҳозим раҳатуллоҳи алайҳ масжидга кирганида шайтон “Таҳоратинг синди”, дея васваса қилди. Шунда у киши: “Мана шу васавасанг сабабли сен шайтон эканингни билиб олдим”, деди. 
 
Шайтон васвасаларидан бири мусулмон кимсани “Таҳоратинг синди, ғусл вожиб бўлди, намозинг бузилди”, каби васвасалар билан масхара қилишидир. Кўпчиликда шунақа ҳолатлар бор. Набий солалллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам: “Жаброил алайҳиссалом менга истинжо қилгач қўлингни хўллаб, изоринг ичига сочгин”, деб айтди”, деганлар. Яъни, васаваса кетиши, таҳорат синиши гумони йўқолиши учун шундай тавсия бўлган. Ким вавасаларга кучли аҳамият қилаверса, охири енгилиб қолиши эҳтимоли бор. Васвасани муолажа қилиш, ундан қутилиш чораларини кўриш лозим. 
  
Қайс ибн Абу Ҳозим раҳимаҳуллоҳ айтади:  “Уйдаги бирон бир тўшак ёзилган ҳолатда қолиб, унда ҳеч ким бўлмаса, унда шайтон ухлайди”. 

 
Ухлагач ёки бир оз дам олгач туриб кетаётиб ётган тўшакларни тартибга келтириб, йиғиб тахлаб қўйиш керак. Агар ўз ҳолатида ёйилган ҳолда қолиб кетса, унга шайтон ётиб олар экан. 
 
Абул Жавзо раҳимаҳуллоҳ айтади:  “Аллоҳга қасамки, шайтон қалбни лозим тутса, қалб эгаси бўлмиш кимса Аллоҳ таолони зикр эта олмай қолади. Мажлислар ва бозорларда бўлганингизда фақтгина қасамдагина Аллоҳ исмини айта олишингиз ва бошқа пайтда асло айта қолмай қолишингизни эслаб кўринг. Бу ҳолатда қалбдаги бу нарсани фақатгина “Ла илаҳа иллаллоҳ” гина қува олар”, деб айтиб, сўнгра “Қачон сен Қуръонда Роббингнинг ёлғиз ўзини зикр қилсанг, улар ортларига ўгирилиб қочурлар”, (Исро, 46) ни ўқиди”. 
 
Шайтон бирон қалбга васваса солса, у қалб эгаси Аллоҳ зикридан айрилиб қолади. Оятдаги хоннас - чекинувчи шайтон дегани. Яъни, Аллоҳни зикр қилинса шайтон чекинади, қочади. Зикр қилинмаса қалбни эгаллаб олиб хоҳлаган куйига ваваса қилади. Арабларда энг кўп айтиладиган нарсалардан бири “Валлоҳи”, “Аллоҳга қасам” дир. Бу энг оддий ва доимий тилга жорий бўлган сўз бўлиб қолган. Шайтон қалбни эгаллаганда бошқа зикрларни айта олинмай қолади. Аллоҳ таоло Ўз фазли билан Ўзини зикр қилиш бахтини бизларга ато қилади. Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ таоло модомики бандани Ўз раҳматига лойиқ кўрар экан у банда Аллоҳнинг зикрида   бўлаверади, қачон раҳматидан мосуво этса, зикр қила олмай қолади”, деб айтган. 
 
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтади:  “Одамлар бир дарахтга сиғинишар, бу эса бир инсонга ёмас эди. Бир кун у дарахт олдига ғазаб билан келиб, “Аллоҳ ризоси учун бу дарахтни кесиб ташайман”, деди. Шунда шайтон бир инсон суратида келиб: 

- Нима қилмоқчисан?, деб сўради.  

- Кесмоқчиман.  

- Нега кесасан? 

-  Одамлар Аллоҳга эмас, бу дарахтга сиғинишмоқда-ку.  

- Сен дарахтга сиғинмаябсан-ку, сенга нима зарари бор?  

- Барибир кесиб ташлайман тамом. 

- Мен бундан яхшироқ ишни биламан, дарахтни кесмайсан, эвазига ҳар тонг ёстиғинг остида икки динор пул бўлади.  

- Бу пулни ким қўяди? 

- Мен қўяман. 

 Ҳалиги кимса ортига қайтиб кетди. Эрта тонг уйғониб ёстиғи остига қараса икки динор пул турибди. Эртаси куни тонг отгач эса ёстиғи остида ҳеч вақо топмади. Бундан ғазабланган кимса зудлик билан дарахт олдига етиб келди. Шайтон уни олди келиб, “Не қилмоқчисан?”, деган эди, “Одамлар сиғинаётган мана бу дарахтни кесаман”, деди.  Шайтон: “Ёлғон айтаябсан, энди кеса олмайсан”, деди. Ҳалиги одам дарахтни кесмоқчи бўлган эди уни шайтон бир уриб ағдариб ташлади.  У эса бу зарбадан ўлиб қолишига оз қолди. Шайтон унга: “Биласанми мен кимман? Мен шайтонман. Аввалги бор келганингда холис Аллоҳ ризоси учун келган эдинг. Унда сенга қаршилик қилишга етадиган кучим йўқ эди. Сени пул билан алдаб ортингга қайтардим. Энди эса динорлар учун келдинг. Бу ҳолатда эса сенга кучим етади, дабдалангни чиқариб ташлайман, деди".  
 
Холис Аллоҳ ризоси учун қилинган иш энг баракотли ва энг самаротли бўлади. Бу ишга илоҳий қувват мададкор бўлиб ҳеч кимда унга қаршилик қуввати бўлмайди. Шайтонлар тумтарақай бўлишади. Аммо ўртага дунёвий бирон бир манфаат аралашдими тамом, бу иш хайрли бўлмайди. Аксинча шайтонлар бу иш эгасини турли йўлларга солишади. 

Холислик қанчалик аҳамиятли экани ва мол дунёга эга бўлиш учун бу холислик бўлмаслиги маълум. Бирон иш қилинмоқчи бўлса, аввало ниятни холис қилиб олиш лозим бўлади. Ана ўша ишдан самара кутиш мумкин. Шунингдек, шайтон зарарларидан ихлосли амаллар сабабли сақланиш ҳосил бўлади.  
 
 Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайтонни сўкиб бўлмайдими?

1837 09:27 28.04.2023

Ахлоқус солиҳийн: Кибр шайтонни ҳалок қилди

1567 19:00 14.04.2022

Ахлоқус солиҳийн: кибр

1341 19:10 13.04.2022

Рамазоннинг бошқа ойлардан фарқи 

1300 16:10 04.04.2022

«Шайтон сизларга душмандир. Бас, уни душман тутинг.» (Фотир сураси 6-оят)

1886 19:00 15.06.2021

"Шайтон ҳеч қачон пора олмайди"

2491 07:00 04.03.2021
« Орқага