Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Рўза қандай ибодат?

1970

Рўза дастлаб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларидан бир ярим йил ўтгач, яъни ҳижратнинг ўн саккизинчи ойи, шаъбон ойининг ўнинчи кунида, қибла Байтул Мақдисдан Каъба тарафга ўзгарганидан кейинги ойда фарз қилинган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўққиз йил Рамазон рўзасини тутганлар. Улардан иккитасини ўттиз кундан, қолган еттитасини йигирма тўққиз кундан тутганлар.

Араб тилидаги «совм» (рўза) луғатда «ўзни тийиш» деган маънони билдиради. Шаръий истилоҳда эса Рамазон ойида тонг отганидан то қуёш ботгунча ният билан овқат емаслик, ичимлик ичмаслик, жинсий яқинлик қилмаслик «рўза» дейилади. Рўза тутиш Ислом динининг беш рукни, беш асосидан биридир, Қуръон ва Суннат билан собит бўлган. Аллоҳ таоло айтади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ 

«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз» 
(Бақара сураси, 183-оят).

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ ﷺ : «بُنِيَ الْإِسْلَامُ عَلَى خَمْسٍ: شَهَادَةِ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، وَإِقَامِ الصَّلَاةِ، وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ، وَالْحَجِّ، وَصَوْمِ رَمَضَانَ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом беш нарсага бино қилинган: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир», деб гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», дедилар» (Бухорий, Муслим).

Рўза ақли расо, соғлиғи яхши бўлган ҳар бир мусулмон эркакка ҳамда ҳайз ва нифосдан пок бўлган мусулмон аёлга фарз қилинган. Ҳайз ва нифос кўрган аёллар рўза тутишмайди, кейин қолдирган кунларининг қазосини тутиб беришади. Янги ойни кўриб, рўзага ният қилиш Рамазон рўзасининг асосий шартларидандир. Рамазон ойида ношаръий амаллар қилмаслик, тилни ғийбат, ёлғон сўзлардан тийиш, ўзгага озор бермаслик, яхши хулқли ва раҳм-шафқатли бўлиш рўзанинг одобларидандир.

Аллоҳ таоло бандаларига карам ва меҳрибонлик кўрсатиш учун бу ойни бошқаларидан фарқли қилган. Бу ойда исёнкор шайтонлар жиловланади, дўзах эшиклари ёпилади, жаннат эшиклари очилади, гуноҳлар мағфират қилинади. Рамазон гуноҳлардан тийилиш, Аллоҳ қайтарган нарсалардан чинакамига, бутунлай қайтишни, синов дунёсининг машаққатларига сабр қилишни ўрганиш ойидир.

Рўза Аллоҳ таолога муҳаббат ва ихлос белгиси сифатида бажарилади. Ҳаргиз соғликни тиклаш ва шунга ўхшаш бошқа ниятларда эмас. Бу ибодатни Аллоҳ азза ва жалладан ўзга ҳеч ким кўрмайди, қай даражада бажарилаётганини фақатгина Унинг Ўзи билади. Аллоҳ таоло учун тутилган рўзада банда Парвардигорнинг Ўзи кўриб турганини ҳис қилиб, рўзани бузмайди. Киши ниятсиз кунни қуёш ботгунича емасдан, ичмасдан ва жимоъ қилмасдан ўтказгани билан рўза тутган ҳисобланмайди, чунки рўзада ейиш, ичиш ва жимоъдан сақланиш ният билан бўлиши фарздир.

Рамазон кечасида туриб саҳарлик қилишнинг ўзи рўзанинг ниятига ўтади, чунки саҳарлик қилаётган одамнинг кўнглига рўза тутиш нияти ўз-ўзидан келади. Ҳанафий мазҳабида Рамазон тугагунича ҳар куни ният янгилаб турилади.

Еб-ичиш кўпайгани сари шайтоний (шаҳвоний) амаллар ҳам ортаверади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар умматим Рамазоннинг хислатини билганида эди, йилнинг ҳаммаси Рамазон бўлишини орзу қилар эди»; «Ким иймон билан, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса ва (кечаларини) ибодат билан ўтказса, гуноҳларидан онасидан янги туғилгандек бўлиб чиқади», деганлар. Яъни Рамазон рўзасини қолдирмай тутиш, кечаларни ибодатда ўтказиш банда учун мағфират сўраш имкони, Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун қулай фурсатдир.

Ҳанафий мазҳабига кўра, Рамазон рўзасини тутишда ҳар кунги ниятни қуёш оққунигача янгилаб олса ҳам бўлаверади, яъни киши тонгдан чошгоҳгача рўзага зид иш қилмай турса, қуёш тиккага келишидан озгина олдин ўша куннинг рўзаси учун ният қилса ҳам, рўза ҳисобига ўтади. Лекин тонгдан кейин еб-ичиб қўйган бўлса, кейин ният қилса дуруст бўлмайди. Энг афзали вақтида ният қилишдир ва бу масалада ҳамма якдил фикрда.

Рўзадор кишига яна ушбулар суннатдир: 

нафсни ёмон ниятлардан тўхтатиш; 

фойдасиз ҳамда уятсиз сўзларни гапиришдан ва эшитишдан ўзини сақлаш; 

биров билан уришишдан, ҳар қандай гуноҳ ишлардан ўзни тортиш; 

мумкин қадар истиғфор, зикр ва тасбеҳ билан банд бўлиш; 

Қуръон ўқиш; 

қуёш ботган вақтда шом намозини ўқишдан олдин бир қултум сув билан бўлса ҳам оғиз очиш; 

Рамазон ойида ҳар куни хуфтон намозидан сўнг йигирма ракат таровиҳ намози ўқиш; 

таровиҳ намозида Қуръони каримни ўқиб ёки эшитиб хатм қилиш; 

Рамазонда хуфтонни жамоат билан ўқиган кишининг витр намозини ҳам жамоат билан ўқиши.

Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашда намоз ва закотдан кейин рўза ибодати келади. Инсонни йўлдан урадиган нарсалар ичида қорин ва жинсий шаҳватлар энг кучлиларидан экани ҳеч кимга сир эмас. Рўзанинг фойдаларидан бири худди ўша икки шаҳватни жиловлашга хизмат қилишидир. Шунинг учун рўза нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашда энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

عَنْ رَجُلٍ مِنْ بَنِي سُلَيْمٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ ﷺ : «الْصَّوْمُ نِصْفُ الْصَّبْرِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ.

Бану Сулаймлик бир кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «…Рўза сабрнинг ярмидир», дедилар» (Термизий, Ибн Можа).

Сабр эса нафснинг энг олий мақомларидан, тақвонинг асосий омилларидан биридир. Рўза тутган кишининг қалбида тақво руҳи уйғониши керак. Агар ким рўза тутсаю, қалбида тақво ҳисси уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади. Ким иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло ўша бандани «тақво» деб номланувчи, икки дунё саодатига элтувчи бахтга муяссар қилади.

Рўзада бошқа ибодатларда бўлмаган хусусият бор. Бу мазкур ибодат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина изофа қилинишидир. Аллоҳ ҳадиси қудсийда буни шундай баён қилган:

عَن أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ ﷺ : «قَالَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: كُلُّ عَمَلِ ابْنِ آدَمَ لَهُ إِلَّا الصَّوْمَ، فَإِنَّهُ لِي، وَأَنَا أَجْزِي بِهِ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳ таоло деди: «Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим берурман» (Бухорий,  Муслим).

Рўзанинг бу каби фазлга эга бўлишининг иккита маъноси бор: 

биринчиси: рўза ички амал ҳисобланади. 

Иккинчиси: рўза тутиш Аллоҳ таолонинг душмани – шайтонга қаҳр қилиш демакдир. Маълумки, шаҳвоний нафс ейиш ва ичиш билан қувватланади. Шаҳвоний нафси кучли бўлган одамга шайтон ўз амрини ўтказиши осон бўлади. Рўза тутган одамга эса шайтон яқинлаша олмайди. 

Рўзанинг бундан бошқа ҳам фойдалари кўп бўлиб, уларни санаб, адоғига етиб бўлмайди.

«Мўминнинг қалқони» китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Фахрландик, бошимиз осмонга етди!”

1588 17:06 04.07.2023

Шавкат Мирзиёев марҳум икки шайх ҳазратларини мукофотлади

3286 21:30 27.06.2023

Юз йиллардан бери ватанидан жудо этилган қардошларимиз... 

3257 22:36 18.05.2023

Хушхабар: Шайх ҳазратларининг нурли ҳаёт йўллари энди мактаб дарсликларида

7918 15:05 06.09.2022

Қарздорнинг одоблари

2431 19:25 16.05.2022

АҚШда «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» масжиди қурилиши бошланди

1920 10:30 25.04.2022
« Орқага