Истанбул шаҳрида Туркия Матбуот ва нашриёт профессионал уюшмаси ташаббуси билан “7-Халқаро Истанбул ноширлик касбий учрашувлари” номли амалий анжуман ўтказилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Таъкидланганидек, бу йил ушбу нуфузли тадбирда илк бор Ўзбекистондан ҳам вакиллар қатнашяпти. “Академнашр”, “Азон китоблари”, “Ҳилолнашр”, “Янги аср авлоди, “Ўзбекистон, “Шарқ” ва Ғафур Ғулом номли нашриёт масъул ходимлари мамлакатимиз ноширларини тамсил этмоқдалар.
Қувонарлиси шундаки, ушбу анжуман давомида “Ҳилолнашр” нашриёти томонидан раҳматли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб “Иймон” номли китоб турк тилида чоп этилганидан хабардор бўлдик. Нашриёт директори Абдувоҳид ака Саттиев анжумандаги иштирок ва китоб таржимаси ҳақида қуйидагиларни гапириб бердилар:
“Шайх ҳазратларининг китобларини турк тилига таржима қилиб, чоп этиш аввалдан нашриётимиз режасида бор эди. Яқинда шу яхши ниятлардан бирига эришдик. Бугунги анжуманда айтилдики, “8-Халқаро Истанбул ноширлик касбий учрашувлари”нинг бош эътибори Ўзбекистон бўлар экан. Ўтган йилги асосий диққат Венгрия мамлакатига қаратилгани ва бу жараёнда 200 тага яқин китоб можор тилидан туркчага ва туркчадан можор тилига таржима қилинибди. Худо хоҳласа, шу фурсатдан фойдаланган ҳолда шайх ҳазратнинг китоблари турк тилига ўгириш ишлари тезлашиб кетса, ажабмас. Туркия билан Ўзбекистонда яшовчи халқларнинг урф-одатлари бир-бирига жуда яқин бўлгани учун “Бахтиёр оила”, “Ижтимоий одоблар” каби китобларни таржима қилишни ўйлаб тургандик. Истанбулда яшовчи юртдошларимиз билан ҳам учрашиб, бу борадаги фикрлари билан қизиқдик. Уларнинг билдиришича, “Тафсири ҳилол” ҳамда “Ҳадис ва ҳаёт” китоблари ҳам турк қардошларимиз орасида катта қизиқишга сабаб бўларкан, чунки бу каби тафсир ва ҳадис шарҳига доир китобларнинг Туркияда муқобили йўқ экан. Ҳозир китобнинг чоп этилиши бўйича “Диёнат вақфи”, “Инсон”, “Кайихон” нашриётларига билан музокара олиб боряпмиз. Агар келиша олсак, шулардан бирида, бўлмаса, ўзимиз, яъни “Ҳилолнашр”да чоп этиб, Туркияда тарқатилиши бўйича булар билан ҳамкорлик қиламиз”.
Китобнинг таржима жараёни қандай кечди, таржимон ким, кимлар ҳисса қўшди? Бу каби саволларга нашриёт бош муҳаррири Ёрқинжон Ҳайдаровга юзландик:
– Ушбу китобнинг таржимони ўн беш йилдан бери Туркия давлатида яшаётган ҳамюртимиз Ҳалима опа Раҳмонова бўладилар. У киши Истанбул университети Ижтимоий билимлар факультетида Ислом тарихи йўналишида таҳсил олганлар. Магистрлик ишини “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ҳаёти ва ижоди” мавзусида ёқлаган эканлар. Ўзлари ҳам ҳазратнинг китобларига мухлис сифатида узоқ йиллардан бери ўқиб, ўрганиб, туркчага таржима қилишни ният қилиб юрган эканлар. Таржимани турк мутахассиси ҳам кўриши керак эди. Шунинг учун фан доктори Фикрат Сўял таржимани таҳрир қилиб берди. Араб тилидаги матнлар учун ҳам алоҳида мусаҳҳиҳ жалб қилдик. Худо хоҳласа, мазкур асар турк китобхонларига манзур ва манфаатли бўлади, деган умиддамиз.
Анжуманда “Ҳилолнашр”нинг иштироки қандай бўляпти?
– Мазкур анжуманга бизни икки йил аввал таклиф этишганди. Кейин, ўзингизга маълум, пандемия бошланиб кетди. Таклифномада ташкилотчиларнинг бир қатор саволларига жавоб беришингиз керак. Шунга қараб, Сизни “олтин”, “кумуш”, “бронза” иштирокчи деган тарифга бўлади. Худога шукр, биз “олтин” тарифидаги қатнашчилармиз. Бир қанча нашриёт вакиллари билан учрашиб, бир қатор масалаларда музокара олиб боряпмиз. Жудаям фойдали тадбир бўляпти. Айниқса, ўзбекистонлик ноширлар учун. Жуда катта ибрат ва манфаат олмоқдамиз. Ўтган йили Туркияда 80 минг номдаги китобни 800 миллион нусхада чоп этилибди. Бу борада турклар китоб номи бўйича дунёда 7-ўрин, адади жиҳатидан 10-ўринни эгаллабди. Бизда эса бу кўрсатгич, афсуски, жудаям паст. Аниқ айтолмайман, аммо Ўзбекистонда йилига тахминан уч минг номдаги китоб чоп этилади. Китоб тиражи бундан ҳам оз. Масалан, 90-йилларда битта китоб 50 мингдан тортиб, 200 минг нусхагача чоп этилган бўлса, бугунги кунда энг кўп сотиладиган диний асарлар кўпи билан 10 минг нусхада нашр этилмоқда. Бу аҳоли сонига нисбатан жудаям оз кўрсатгич. Миллатнинг қаддини кўтаришимиз учун китобларни кўпроқ чоп этишимиз, китобхонлик даражасини оширишимиз шарт.
Анжуман давом этмоқда...
Ҳусан Мақсуд,
Истанбулдан Azon.uz сайти учун махсус