“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Германияда жиноят ишлари бўйича олий суд органи ҳисобланувчи Федерал суд палатаси ҳузуридаги бош прокурор номига Саудия Арабистони устидан шикоят йўллади. Бу ҳақда “Евроньюс” хабар бермоқда.
Шикоятда Саудия Арабистонида журналистларнинг тизимли равишда таъқиб қилишини, жумладан, Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши бўйича жиноят иши очиш сўралган. “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти 35 ҳолат – қотиллик, қийноқ, жинсий зўравонлик ва ноқонуний равишда озодликдан маҳрум этиш ҳолатлари бўйича маълумотлар келтирган. Хусусан, Саудия Арабистонида 34 нафар журналист қонунга зид равишда ҳибсда сақланаётганини айтган.
“Германия суд тизими инсониятга қарши жиноятларни текшириш бўйича кучли юридик воситаларга эга, – дейди “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти бош котиби Кристоф Делуар. – Германия бош прокурори бир неча кун аввал Сурия ҳудудида жиноят содир этган зобит устидан ҳукм чиқарилишига эришди, ана шу универсал юрисдикцияга асосланган ҳолда биз ҳам шикоят йўлладик”.
Беш юз саҳифадан иборат шикоятда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмондан ташқари тўрт нафар юқори мартабали мулозимлар айбланган.