Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз ал-Сауд ва Ўмон султони Ҳайсам ибн Ториқ ал-Саид қўшма мувофиқлаштириш кенгаши тузиш бўйича ўзаро англашув меморандумига қўл қўйди. Улар якшанба куни Саудиянинг янги барпо этилаётган Неом шаҳрида учрашди.
Қўшма мувофиқлаштириш кенгашининг асосий мақсади икки давлат ўртасида сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, халқаро масалаларда Риёз ва Маскат ўртасида мувофиқлаштириш ишларини амалга ошириш бўлади.
Неомда муҳокама этилган масалалар орасида икки давлат ўртасида автотрасса барпо этиш ҳам бор эди. Узунлиги 740 километрга тенг бўладиган йўл (160 километрлик қисми Ўмондан, 580 километрлик қисми эса Саудиядан ўтади) давлатлар орасида автотранспортларнинг ҳаракатланишини сезиларли даражада осонлаштириши кутилмоқда.
Музокараларда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон ҳам иштирок этди.