Саудия Арабистонида фаолият кўрсатиб келаётган Туркия Миллий таълим вазирлигига қарашли саккизта мактаб ёпиладиган бўлди. “Анадолу” агентлигининг хабар беришича, жорий ўқув йили мазкур мактаблар учун охиргиси бўлади.
Саудия Арабистони Таълим вазирлигининг кўрсатмасига биноан ўқувчилар истаган мактабларга ўтишлари мумкин, мактаблар ёпилаётгани ҳақида ота-оналарга хабар берилиши керак.
Табук, Риёз, Тоиф ва Жидда шаҳарларидаги мактабларга ёзма билдириш юборилган бўлса, Даммом, Абҳа, Макка ва Мадинадаги мактаблар оғзаки огоҳлантирилган.
Турк мактабларида жами 2256 нафар ўқувчи ўқияпти. Туркия агар улар Саудия Арабистони Таълим вазирлигига қарашли мактабларга ўтадиган бўлса, қийналиб қолиши мумкинлигидан хавотирда, чунки бу ўқувчилар араб тилини етарли даражада билмайди.