Рамазон ойи – эҳсон ойидир. Бу муборак ойнинг савобларидан баҳраманд бўлишни истаган мусулмонлар турли хайр ишларга бош қўшишмоқда. Куни кеча пойтахтимиздаги "Ҳазрати Имом" мажмуасидаги "Мўйи муборак" музейида Саудия Арабистони подшолигининг мамлакатимиздаги элчихонаси вакиллари ҳамда Вақф хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё қори Убайдуллоҳ ўғли билан самимий учрашув бўлиб ўтди.
Дастлаб меҳмонлар музейда жойлашган "Ҳазрати Усмон мусҳафи"ни зиёрат қилишди.
Шундан сўнг томонлар ўзаро ҳамкорлик ва бирдамликда қилинаётган хайрия тадбирлари ва уларнинг давомий бўлиши ҳақида сўз юритишди.
Тадбир давомида элчихона вакиллари Саудия Арабистонида чоп этилган Қуръони каримнинг 20 000 нусхасини Вақф хайрия жамоат фондига беғараз тақдим этди. Тадбир сўнгида фонд раҳбари Яҳё қори Убайдуллоҳ ўғли меҳмонларга чуқур миннатдорлик изҳор этиб, бу каби хайрияларда ҳамкорлик қилишдан мамнун эканлиги билдирди.