Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Сабр  мукофоти жаннатдир (ўн саккизинчи қисм)

1204

(Давоми, боши бу ерда)

Оч мезбон

Шукрни лозим тутган зотлар

Ансорлар ичида Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббати кучли бўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уни яхши кўрадиган Абу Талҳа Ансорий розияллоҳу анҳу бор эди.

Абу Талҳанинг бир боғи бўлиб, у  соя салқин ва суви ширин эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи кунлари унинг боғига бориб дам олар, муздек сувидан ичар эдилар.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан бирга Абу Талҳанинг боғига бориб, у ерда сув ичиб, дам олдилар. Бу ҳолатни билган Абу Талҳа жуда ҳам хурсанд бўлди ва улар учун бир қўй сўйишни истади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга «Боласи борини ва сут берадиганин сўймагин», дедилар. Абу Талҳа бир қўйни сўйиб, пишириб келди. У зот ва Абу Бакр таомдан еб ичишди ва Аллоҳга ҳамд айтишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Талҳа ҳаққига дуо қилдилар.

Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига меҳмонлар келишди.  У зот уларни ҳар доимгидек меҳмон қилиш учун мусулмонларга тақсим қилдилар. Улар ўзига тегишли меҳмонни уйларига олиб кетишди. Абу Талҳа ҳам ўзига тегишли меҳмонларни уйига олиб кетди.

Абу Талҳа ушбу меҳмонларни уйига олиб кетаркан, Аллоҳ ва Унинг Расули ва Ислом меҳмонларини икром қилиш сабабли Аллоҳ ва У Зот Расули ризосини топиши мумкинлигидан севинар, лекин уйида ушбу меҳмонларга беришга бирон бир таом борми ёки йўқлигини билмас эди.

Аёли Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг қандай таом ҳозирлаганини ҳам билмас, меҳмонларга етарли таом ортиб қолганми йўқлигини ҳам билмас эди.

Абу Талҳа фарзандлари таом ейишиб, ухлаб қолишганми ёки таомланишни кутиб ўтиришганини ҳам билмас эди.

Абу Талҳа бу ҳақида ўйлаб ҳам ўтиргани йўқ. Уни ҳеч нарса меҳмонларни уйига олиб боришдан ман ҳам қилгани йўқ.

Абу Талҳа ҳурсандчилик билан йўл юриб, орқасида унга эргашиб келаётган меҳмонлари билан бирга уйига етиб келди.

 Эшигини тақиллатиб, аҳлига «Ассалому алайкум, кирсам майлими?», деган эди ҳовлидан «Ва алайкум ассалом, кираверинг», деган овоз эшитилди.

Абу Талҳа ховлига кириб ҳурсандлик билан: «Мен билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонлари бор», деди.

Умму Сулайм ҳам хурсанд ҳолатда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонларига марҳабо!», деди.

Абу Талҳа: «Уйда қанақа таом бор?», деди.

Умму Сулайм осойишталик билан: «Фақатгина болаларга етарли таом бор», деди.

Уйида ўзларининг ҳаммасига ҳам етмайдиган таом бор экан-ку, Абу Талҳа энди  меҳмонларини қандай қилиб таомлантиради?

Абу Талҳа тафаккур қилиб туриб, бир латиф ҳийла ўйлаб топди.

Унинг бу ҳийласи нақадар ҳам латиф ва карим эди?!

Абу Талҳа ушбу кечада ўзи оч қолиб, меҳмонларни таомлантиришни қасд қилди.

Умму Сулайм ҳам худди шундай, ўзи оч қолиб меҳмонларни таомлантиришни қасд қилди.

Бир кеча ўзлари оч қолиб, меҳмонларини таомлантирса нима бўлар экан,  очдан ўлишармиди?!

Иккаловлари ҳам меҳмонларни ўз нафсларидан устун қўйишди.

Фарзандларини тинчлантириб, ухлатиб, сўнгра меҳмонларни таомлантиришни қасд қилишди. 

Лекин, мезбон таом емаса меҳмонлар қандай қилиб ейишар эди?!

Абу Талҳа бу ҳақида ўйлаб туриб, бунга ҳам йўл топди.

Умму Сулаймга: «Таомланишга ўтирган чоғимиз чироқ олдига тузатиш учун боргандай бўл-да, ўчириб қўйгин», деди.

Шундай ҳам бўлди. Меҳмонлар таомланишга ўтиришди. Абу Талҳа ҳам бирга ўтирди.

Шунда Умму Сулайм чироқ олдига бориб, уни созлай бошлади ва чироқни ўчириб қўйди. Меҳмонлар қоронғуда таомлана бошладилар.

Абу Талҳа дастурхонга қўлини чўзар ва оғзига олиб борар, аммо ҳеч нарса емас эди.

Меҳмонларга Абу Талҳа таомланаётгандек кўринар, аммо у ҳеч нарса емаётган эди.

Меҳмонлар Абу Талҳани таомланаётганига асло шубҳа қилишмас эди. Нега ҳам  шубҳаланишсин? Ким кечки таомни емасдан, тунда оч қолар экан? Меҳмонлар хотиржам таомланиб, тўйишди. Ва Абу Талҳани ҳам тўйганига ишонч ҳосил қилишди.

Лекин, Абу Талҳа ушбу таомдан бир луқма ҳам оғзига солгани йўқ, унга қоронғулик ёрдамчи бўлди.

Меҳмонлар туришиб, қўлларини ювишди. Аллоҳга ҳамд айтишиб, мезбон ҳаққига барака сўраб дуо қилишди.

Абу Талҳа ҳам туриб, қўлини ювди.

Меҳмонлар тунни қоринлари тўқ, Абу Талҳа эса оч ҳолатда ўтказишди.

Лекин, Абу Талҳа катта  хурсандчиликда бўлиб, Аллоҳ таолога ушбу кечада бошқа кечалардагидан кўра кўпроқ шукр қилди.

Одатига кўра Абу Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мажлисларига ҳозир бўлди.

У худди қорни тўйиб уйқуга ётган кимса каби хотиржам ва ҳурсанд эди.

Абу Талҳа ушбу кечадаги ҳолатни аёли Умму Сулаймдан бошқа ҳеч бир кимса билмайдиган сирлардан бири бўлиб қолишини гумон қилган эди.

Лекин, Аллоҳ таоло ҳар қандайин сир ва махфий нарсани билгувчи Зотдир. Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди:

«Ва гарчи ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар».

(Ҳашр, 9).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу қисса ҳақида сўрадилар. Абу Талҳа у зотга бўлган воқеъани айтиб берди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу жўмардлик ва карамдан хурсанд бўлиб,  Абу Талҳадан рози бўлдилар.

Бу қисса эса тарих ва тафсир зарварақларида битилиб қолди.

(Давоми бор)

Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг набиралари

3928 19:10 28.04.2023

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг фарзандлари

2496 05:20 19.04.2023

Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббатнинг далили

1354 18:55 15.04.2023

Расулуллоҳни қанчалар яхши таниймиз?

1413 05:20 14.04.2023

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Рамазон ойидаги амаллари

1930 14:05 02.04.2023

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Исломдан олдинги ҳаёти

1954 21:30 05.01.2023
« Орқага