Россия Федерацияси ўз ҳудудидан ташқарида ҳам кўплаб ер-мулкларга эга. Ва бу фақат экстратерриториаллик мақомига эга бўлган элчихоналар ва ҳарбий базалар эмас.
Россия ноёб маданий ва табиий объектларга, бутун дунё бўйлаб тарқалган бутун-бутун шаҳар ва қишлоқларга эга.
Россия Федерацияси бундай мулкни қаердан олган?
Қозоғистон
Россия Федерациясининг энг машҳур хорижий ҳудуди - Бойқўнғир космодроми. Россия уни 2050 йилгача ижарага олган, ўша муддатгача космодром ҳудудида Россия байроғи ҳилпираб туриши мумкин. Россия қонунларига кўра, Бойқўнғир федерал аҳамиятга эга шаҳар мақомига эга ва Россия Федерацияси томонидан тўлиқ молиявий таъминланади.
Айни пайтда Бойқўнғирда 80 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.
Қозоғистон билан муносабатлар ҳар доим ҳам силлиқ эмас. Жанубдаги қўшни бир неча бор шартномани бекор қилишга ёки космик кемаларнинг учирилишига тўсқинлик қилишга уринишлар қилган.
Аммо ижара амалда ва Бойқўнғир Россия ҳудуди бўлиб қолмоқда.
Россия ҳар йили шаҳар ва космодромни сақлаш, шунингдек, Қозоғистонга ижара ҳақи тўловлари учун 10 миллиард рублдан ортиқ маблағ сарфлайди.
Антарктика
Антарктида расмий равишда ҳеч қандай давлатга тегишли бўлмаган ҳудуд ҳисобланади. Аммо материкда илмий фаолиятга рухсат берилган. Ушбу ҳуқуқ туфайли Россия Федерацияси бешта: Беллинсгаузен, Восток, Мирний, Новолазаревская ва Прогресс тадқиқот станцияларига эгалик қилади. Улардан етиб бориш учун энг қулайи - Беллинсгаузен. Унда илмий ва турар-жой бинолари, ҳатто Олтой кедридан ясалган православ черкови ҳам бор, у расман дунёдаги энг жанубий черков ҳисобланади.
Беллинсгаузен станциясига фақат Россия Арктика ва Антарктика институтининг рухсати билан бориш мумкин, аммо сўнгги пайтларда Беллинсгаузенда денгиз орқали ёки «қўшни» Чили станцияси аэродроми орқали келган сайёҳлар тез-тез учраб туради.
Фаластиндаги рус ери
2008 йилда Россия Федерацияси ҳудудига Иордан дарёси бўйида умумий майдони 12 000 квадрат метр бўлган учта ер участкаси расман киритилган. Улар Ерихо шаҳри ҳокимияти томонидан Россия ихтиёрига топширилган.
Бу ҳудудлар ўзига хосдир. Уларнинг бирида Инжилга кўра, Исо солиқ йиғувчи Заккай билан гаплашган деб иддао қилинувчи қадимий анжир дарахти ўсади.
Бундан 150 йил аввал рус руҳонийлари бу ерларни ўз пулларига сотиб олиб, Россия империяси назоратига ўтказган. Замонавий Россия Федерацияси ушбу ерга ўз ҳуқуқини исботлашга муваффақ бўлди ва уни яна тасарруфига олди.
Шимолий Қутбдаги ерлар
Шпицберген архипелаги расмий равишда Норвегия таркибига киради. Аммо 1920 йилги келишувга кўра, у алоҳида мақомга эга: яна 50 та давлат ундан ўз мақсадлари учун фойдаланиши мумкин.
Бироқ собиқ СССРдан бошқа ҳеч ким бу ҳуқуқдан фойдаланмади. Иттифоқ эса бир вақтнинг ўзида Шпицбергенда учта: Баренцбург, Пирамида ва Грумант деб номланган қишлоқлар қурди. У ерда кўмир қазиб олиш ишлари фаол олиб борилган. СССР парчаланганидан кейин конлар ёпилди, Пирамида ва Грумант ташлаб қўйилди. Аммо Баренцбургда ҳаёт сақланиб қолган.
Бугунги кунда у ерда 500 га яқин россиялик яшайди, қишлоқда кўп қаватли бинолар, инфратузилма, ижтимоий объектлар ва православ черкови мавжуд.
Кўмир қазиб олиш иқтисодий жиҳатдан мутлақо фойдасиз, аммо қишлоқ ва шахтанинг эгаси федерал ҳокимият томонидан қўллаб-қувватланади. Бу сиёсий сабабларга кўра амалга оширилмоқда – Россия Федерацияси Ғарбий Шпицбергеннинг Норвегияга тегишлилигига шубҳа билан қарайди. Архипелагда рус қишлоғининг мавжудлиги бу жараёнда русларнинг фойдасига ишлайди.
Баренцбургнинг алоҳида мақоми туфайли россияликлар у ерга визасиз келишлари мумкин.
Швейцариядаги русларнинг тоғи
Швейцариянинг Андерматт қишлоғида бир қоятош бор. Аммо у, шунингдек, унга борадиган йўл швейцарияликларга эмас, балки русларники ҳисобланади! 1898 йилда маҳаллий ҳокимият ихтиёрий равишда ҳудудни Россия империясининг юрисдикциясига ўтказган. Бунга сабаб, Альп тоғларини шу жойда ошиб ўтган Суворов қўмондонлиги остидаги рус армиясининг шу жойда ҳалок бўлган жангчилари қоя остига кўмилганидир. Ушбу ёдгорлик қўшни жой ва йўл билан бирга швейцарияликлар томонидан Россияга берилган.
2010 йилда тендер чоғида Россия Сена дарёсининг чап қирғоғида, Эйфел минораси яқинидаги ер участкасини сотиб олган. Ўша жойга Канада ва Саудия Арабистони ҳам харидор бўлган. Россия ер учун 2,444 млрд рубл тўлаган.
Нью-Йоркнинг Лонг-Айленд оролида ҳам Россиянинг чет элларда жойлашган ҳудудларининг энг йирикларидан бири жойлашган. Од-Таппен паркига яқин бу жой 166 минг кв.метрни ташкил этади.
Бу ва бошқа кўплаб ҳудудлар Россиянинг юрисдикциясига ўтишига Рссиянинг ўзини СССР ва Россия империясининг ҳуқуқий вориси деб расман эълон қилиши сабаб бўлган. Совет хорижий мулкини Россия Федерациясига ўтказиш осон кечган бўлса-да, чор даври меросини олиш анча мушкул кечган. Аммо сўнгги йилларда «эски» мулкларнинг катта қисми, жумладан, черковга тегишли нарсалар қайтарилган, чунки чор Россиясида Синод давлатнинг бир қисми бўлган. Умуман олганда, Россия Федерациясининг 120 мамлакатда умумий қиймати камида 300 миллиард доллар бўлган 3643 та хорижий мулк объектлари мавжуд.
Қонунда давлат чегарасидан ташқаридаги ҳудуддаги ҳуқуқлар аниқ белгиланган – бу масала халқаро ҳуқуқ билан тартибга солинади; мулк ҳуқуқи (мулк ҳуқуқи) - бу миллий, биринчи навбатда фуқаролик ҳуқуқи тоифасига киради. Ҳа, чет элдаги кўплаб ер участкалари россиялик шахслар ва компанияларга тегишли. Лекин ер участкасига бўлган ҳуқуқ миллий фуқаролик ҳуқуқи соҳасида; бу давлатнинг ҳудудга бўлган ҳуқуқи билан бир хил эмас. Масалан, Шпицберген архипелагидаги рус аҳоли пунктлари ва шахталари. 1920 йилдаги Шпицберген шартномасига биноан Россия у ерда иқтисодий фаолият юритиш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга, Шпицбергеннинг бутун ҳудуди, шу жумладан Россия ер участкалари, конлари ва бошқа объектлари жойлашган ҳудуд Норвегиянинг давлат ҳудуди ҳисобланади. Объектлар ва участкаларга эгалик қилиш бу ҳудудларни русларники деб ҳисоблаш ҳуқуқини бермайди. Россиянинг чет элдаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари бинолари халқаро ҳуқуққа мувофиқ дахлсиздир. Аммо шунга қарамай, улар юридик жиҳатдан аккредитация қилинган давлатнинг ҳудуди эмас. Бу махсус мақомга эга бўлсада, мезбон давлат ҳудуди ҳисобланади.
Ёқуб Умар тайёрлади