Роскосмос бош директори Дмитрий Рогозин ва Хитой миллий фазо бошқармаси (CNSA) Чжан Кэцзянь ҳукуматлари номидан Халқаро Ой илмий станциясини қуриш бўйича англашув меморандумини имзолади.
Роскосмос баёнотида қайд этилишича, мазкур станция барча манфаатдор давлатлар ва халқаро ҳамкорлар учун очиқ бўлади, бундан кўзда тутилган мақсад илмий-тадқиқот алоқаларини мустаҳкамлаш, фазо кенгликларини инсоният учун тинч мақсадда тадқиқ қилиш ва фойдаланишни тарғиб қилишдир.
Россия ва Хитой Ой юзасини биргаликда ўрганади ва Ой орбитасида қўшма лойиҳаларни амалга оширади.
2017 йилнинг ноябрида Роскосмос ва CNSA 2018-2022 йилларда ҳамкорлик дастурини имзолаган эди. Мазкур дастурда Ойни ҳамкорликда ўрганиш ҳам кўзда тутилганди.
AFP агентлиги Роскосмоснинг Ой ҳақидаги баёнотини “Москва фазо пойгасида етакчиликни қайтадан қўлга киритмоқчи”, дея изоҳлади.