Сўзбоши
Ягона ва ёлғиз бўлган Аллоҳга ҳамдлар, орқасидан пайғамбар келмайдиган расулимиз Муҳаммадга, у зотнинг оилалари ва барча саҳобларига салом ва салотлар бўлсин!
Аммо баъд: қўлингиздаги рисолада пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улуғликлари, гўзал хулқлари ва фазилатлари ҳақида сўз боради. Буларнинг барчаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буюк бўлганлари, пайғамбарликлари рост экани ва у зотнинг пайғамбар эканларида шубҳа тўқиб чиқараётганларнинг гумонлари ёлғон эканига далолат қилади.
Ҳозирги кунда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар эканларини инкор қилаётган ва қуруқ шубҳаларни тўқиётганларнинг кўпи бу борада бор имкониятларини ишга солмоқдалар. Ўз мақсадларини амалга ошириш учун қаламлари, турли ахборот воситалари, газета, журнал, ҳар хил нашрлар, телеканаллар, радиоканаллар, электрон хатлар, интернет дунёсидан унумли фойдаланмоқдалар. Буларнинг барчаси Ислом пайғамбарини ёмон қилиб кўрсатиш, у зотга лойиқ бўлмаган сифатлар билан сифатлаш ва инсонларга ислом ва пайғамбарини жирканч қилиб кўрсатиш учун қилинмоқда.
Уларнинг бу шум ниятларига кўп мусулмонларнинг ғафлат уйқусида экани ҳам ёрдам бермоқда. Улар ўз пайғамбарининг улуғлиги ва гўзал хулқ атворлар соҳиби эканини унитаёздилар. Бу ҳамлалар кўпайиб, унга ғарб дунёсининг катта диндорлар, сиёсатдонлари, санаткорлар, фан арбоблари ва бошқа касб ходимлари ҳам қўшилиб кетгач, аксар мусулмонлар ўзларига ўзлари: “Ислом ва Ислом пайғамбарига бунчалар адоват қаердан келди?!”, деган саволни бердилар.
Исломий тушунчалар ер юзининг барча бурчакларига етиб, Ислом дини Европанинг юрагига кириб бориши билан бир қаторда бу ҳамлалар барча жойда мусулмонлар ва инсофли бошқа дин вакиллари томонидан қаттиқ танқидга учради. Чунки улар бу ҳамлалар инсонларнинг тинч ҳаётига раҳна солишини, дин ва маданиятлар уришига олиб боришини жуда яхши билар эди. Бу эса ўз навбатида минглаб, балки миллионлаб инсонларнинг қони тўкилишига сабабчи бўладиган кураш ва урушларга олиб бориши тайин эди.
Ушбу рисолада Аллоҳ таолонинг изни билан бу пайғамбарнинг шахсиятлари ва бу шаъсиятдаги улуғликларни ёритишга ҳаракат қиламиз.
У зотнинг ақлни лол қолдирган, қалбларни очиб юборган, диллларни поклаган сифатлари ва ахлоқлари ҳақида ҳам гапириб ўтамиз.
Ҳам ақлий, ҳам нақлий далиллар билан У зотнинг пайғамбар эканлари, барча пайғамбар ва расулларнинг улуғи эканларини баён этамиз. Шунинг учун Аллоҳ таоло У зотни барча пайғамбар ва расулларнинг хотами бўлишларини ихтиёр этган.
Шунингдек, У зотнинг пайғамбар эканларида шубҳаларни қўзғатаётган ва рисолатларига таъна тошини отаётганларга раддиялар бериб ўтамиз. Аллоҳ таолодан бизни тўғри йўлга ҳидоят қилишини сўраймиз!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлиб келишларидан олдин инсониятниг ҳолати
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлиб келишларидан олдин ер юзи аҳолиси икки қисмга бўлинган эди.
Биринчи қисм: Аҳли китоблар. Улар яҳудий ва насронийлар.
Иккинчи қисм: Самовий китобга эга бўлмаганлар.
Биринчи қисм: Аҳли китоблар
Яҳудийлар пайғамбарларни ёлғончига чиқариб, улардан кўпларини ўлдиришгача бордилар. Тавротни ўзгартирдилар, судхўрлик билан шуғулландилар, тузилган аҳдларни буздилар, Исо алайҳиссаломни ёлғончига чиқариб, ўзини ҳам, онасини ҳам суякда турмайдиган айблар билан ҳақорат қилдилар ва у зотни ўлдириш учун бор имкониятларини сарфладилар, дунё ортидан қутирган итдек қувиб, шаҳвоний истакларга ботиб кетдилар. Бундан олдин Мусо алайҳиссаломга ҳам қаттиқ қайсарликлар кўрсатган бўлиб, уларнинг энг яхшилари Мусо алайҳиссаломни Парвардигор билан гаплашаётганини эшитган эди. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга ҳукмларни буюрар, қайтариқлардан қайтарар ва вазифаларни бажариш борасида аҳд олар эди. Булут очилгандан сўнг улар Мусо алайҳиссаломга: «Эй Мусо, Аллоҳни очиқ-равшан кўрмагунимизча сенга ишонмаймиз» (Бақара сураси, 55 оят), дедилар. Яхшиларининг аҳволи мана шундай бўлгандан кейин, ёмонларининг аҳволини қандай деб ўйлайсиз!?
Насронийлар ҳам Аллоҳ таолони инсоният ичида бирор киши ҳақорат қилмаган нарсалар билан ёмонлади. Улар Аллоҳ таолони яккаю ёлғиз, туғмаган ва туғилмаган, ҳеч ким тенг бўлмаган ягона ҳожатларни қондирувчи зот эканига иқрор бўлмадилар. Бунинг ўрнига Аллоҳ учтанинг учинчиси, Марям Унинг хотини, Масиҳ эса ўғли дедилар. Бу шундай сўзки: "Ундан осмонлар парчаланиб, ер ёрилиб, тоғлар қулаб йиқилай, дейдир. Роҳманнинг боласи бор, деганларига. Роҳманга бола тутиш лойиқ эмасдир. Осмонлару ердаги барча кимсалар Роҳманга банда бўлган ҳолларида келурлар. Батаҳқиқ, У зот уларни иҳота қилган ва санаб қўйгандир. Уларнинг барчалари У зотнинг ҳузурига қиёмат куни ёлғиз ҳолларида келгувчидирлар" (Марям сураси, 90- 95-оятлар). Ваҳоланки, уларнинг ўзларининг муқаддас китобида ҳам Масиҳ ҳар бир инсонда учрайдиган очлик, чанқоқ, чарчаш, уйқу, йиғлаш, заифлик, хафалик, оч юриш, азобланиш, калтак ейиш, ўлиш, йўқотиш, танбеҳ, ўрганиш, безовта бўлиш ва шаҳвати қўзиш каби инсонга хос барча сифатлар билан сифатланган экани айтиб ўтилган. Масалан, Юҳанно Инжилида (19/28): “Исо: “Мен чанқадим”, деди”, деб келган.
Матто Инжили (8/24): “У ухлаётган эди”;
Юҳанно Инжили (4/6): “Исо сафардан сўнг толиққан эди шу тарзда қудуқ олдида ўтирди”;
Маркс Инжили (14/33): “Исо лол қолиб, хафа бўла бошлади”;
Юҳанно Инжили (11/35): “Исо йиғлади”;
Луко Инжили (11/35): “Исо уларга: “Бу пасхани сизлар билан ейишни шаҳватим жуда истади”, деди”.
Исо алайҳиссалом чанқайдиган, ухлайдиган, чарчайдиган, йиғлайдиган ва шаҳвати истайдиган бўлса, қандай қилиб илоҳ бўлиши мумкин. Шунингдек, у заиф бир махлуқ (яратилган мавжудот)дан ҳам қўрқади. Юҳанно Инжилида (11/53-54): “Ўша кундан бошлаб уни ўлдириш борасида маслаҳат қилиб юрдилар. Шунинг учун Исо яҳудийлар орасида ошкора юра олмади”, дейилган.
Исо алайҳиссаломнинг ўзлари ҳам Аллоҳ таоло тарафидан юборилган пайғамбар эканликларини эътироф қилиб ўтганлар. Бу Инжилнинг кўп ўринларида айтиб ўтилган. Масалан, Юҳанно Инжили (5/24): “Сизларга ҳақ сўзни айтаман, ким мени тинглаётган бўлса, у мени юборган Зотга ҳам иймон келтиради”, дейилган. Юҳанно Инжили (7/28): “Мен ўзимдан ўзим келганим йўқ, мени юборган Зот Ҳақдур”.
Инжилнинг ўзида ҳам Масиҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг бандаларидан бир банда эканликлари айтиб ўтилган. Бу эса у зотни илоҳ эмасликларини ифодалайди. Матто Инжили (12/18): “Бу менинг танлаб олган бандам ва нафсим мамнун бўладиган ҳабибимдир. Унга руҳимдан қўяман ва у умматларга ҳақнинг хабарини етказади”. Кейинчалик бир нечта табъаларда бу ердаги “бандам” деган сўз “ўғлим” деган сўзга ўзгартирилган. Баъзиларида эса, сақланиб қолган.
Бу насронийларнинг динларида қилган бузғунчиликларнинг ҳаммаси эмас. Улар ҳаром қилинган нарсаларни ҳалол санар, маст қилувчи ичимликларни ичишар, тўнғиз гўштини истеъмол қилар, хатнани тарк қилар, зино қилишар, барча ифлос нарсаларни мубоҳ санашар, аёл киши устидан ҳукумрон бўлиб, уни инсон қиёфасидаги шайтон деб ҳисоблар, Аллоҳ таолони қўйиб, роҳибларига ибодат қилишар, руҳоний нимани ҳалол деса ҳалол, нимани ҳаром деса ҳаром бўлар, дин у белгилаган чегарада бўлар, бошқаларнинг гуноҳини кечирар, илоҳий марҳаматларни ато қилар ва дўзах азобидан сақлаб қолар эди.
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буюкликларидаги сирлардан лавҳалар" китобидан
Раҳматуллоҳ Аҳмаджон ўғли таржимаси