САВОЛ: аёл киши одат кунларида рўза тутса бўладими?
ЖАВОБ: ҳайз ва нифос чоғида рўза тутишлик жоиз эмас, кейинчалик қазосини тутиб беришади.
وَمِنْهَا الطَّهَارَةُ عَنْ الْحَيْضِ ، وَالنِّفَاسِ فَإِنَّهَا شَرْطُ صِحَّةِ الْأَدَاءِ بِإِجْمَاعِ الصَّحَابَةِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ
Рўзанинг адоси тўғри бўлишининг шартларидан: ҳайз ва нифосдан пок бўлишдир. Зеро улардан пок бўлиш саҳобий киромларнинг ижмоси билан рўзанинг адоси тўғри бўлиши учун шартдир. Бадойиъус Санойиъ
وتقضي الحائض والنفساء الصوم دون الصلاة لحديث عائشة رضي الله عنها " كان يصيبنا ذلك فنؤمر بقضاء الصوم ولا نؤمر بقضاء الصلاة " وعليه الإجماع
Оиша розиаллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиснинг далили билан ҳайз ва нифос кўрган аёллар рўзанинг қазосини тутиб, намознинг қазосини ўқимайдилар.
“Бизга ўша ҳолат етганда рўзанинг қазосини тутишга буюрилар эдик, намознинг қазосини ўқишга эса буюрилмас эдик”. Мароқил Фалоҳ
САВОЛ: аёл киши рўза тутаётганда одат қони келиб қолса нима қилади?
ЖАВОБ: Ўз-ўзидан рўзаси очилиб кетади ва қазосини тутиб бериши зиммасига лозим бўлади.
الحيض و النفاس يفسدان الصوم فيوجب القضاء دون الكفارة
Ҳайз ва нифос рўзани фосид қилади. Рўзанинг қазосини вожиб қилади, каффоротни эмас. Фатавои Ҳиндия
САВОЛ: рўзани тўлиқ тутиш мақсадида дори истеъмол қилиб, одат қонини кечиктирса бўладими?
ЖАВОБ: одатий қон келмагунча аёл киши пок саналади ва рўза тутиши жоиз. Қонни тўхтатиб туриш-турмаслик борасида шаръан қайтарув йўқ. Бу иш аёл кишининг соғлигига зарар қилмаса жоиз, зарар қилса жоиз эмас.
САВОЛ: эмизикли, рўзадор аёл рўзаси туфайли сути камайса ёки тўхтаб қолса, рўзани тарк қилса бўладими?
ЖАВОБ: агар бола сут ўрнини босадиган нарсаларни истеъмол қилаверса ёки бошқа аёл сутини эмаверса онанинг рўзани тарк қилиши жоиз эмас. Агар бундай шароит топилмаса, рўза тутишни кейинроққа қолдирса бўлади.
الْحَامِلُ وَالْمُرْضِعُ إذَا خَافَتَا عَلَى أَنْفُسِهِمَا أَوْ ، وَلَدِهِمَا أَفْطَرَتَا وَقَضَتَا ، وَلَا كَفَّارَةَ عَلَيْهِمَا كَذَا فِي الْخُلَاصَةِ
Ҳомиладор ё эмизикли аёл ўз жонларига ёки болаларига хавф сезсалар, рўзани қазо қиладилар. Уларга каффорот вожиб бўлмайди. “Хулоса”да ҳам шундай келтирилган. Фатавои Ҳиндия
САВОЛ: аёл киши қолдирган рўзаларини кетма-кет тутиб бериши зарурийми?
ЖАВОБ: узри сабабли қолдирилган рўзанинг қазоси фарз, имкон қадар тезроқ тутиши лозим. Лекин кетма-кет бўлиши шарт эмас.
تتابع القضاء: اتفق أكثر الفقهاء على أنه يستحب موالاة القضاء أو تتابعه، لكن لا يشترط التتابع
Фуқаҳоларнинг кўпчилиги қазо рўзани орада қолдирмасдан, кетма-кет тутишнинг мустаҳаб эканлигига иттифоқ қилганлар. Лекин бу нарса шарт қилинмайди.
САВОЛ: аёл кишининг қазо рўзалари жуда ҳам кўпайиб кетса тавба қилиб, истиғфор айтиши кифоя қиладими?
ЖАВОБ: бепарво ва дангасалиги туфайли қолдирган рўзалари зиммасида вожиб бўлиб тураверади. Уларни адо қилиш фарздир. Тавба, истиғфор билан кечиктирганлик гуноҳи кечирилади. Лекин зиммасидаги барча қазо рўзаларини тутиб бериши зарурдир. Қолдирган рўзаларига умрлари етарли бўлмаса қодир бўлганча қазо рўзаларини тутиб, қолганига фидя тўлашни васият қилишлари лозимдир.
قَضَوْا لُزُومًا مَا قَدَّرُوا بِلَا فِدْيَةٍ وَ بِلَا وَلَاءٍ
Қодир бўлганларича қолдирган рўзаларининг қазоларини тутиш фарз бўлади. фидя тўламайдилар, қазони кетма-кет бўлиши зарурий эмас. Роддул Муҳтор
وَلَوْ مَاتُوا بَعْدَ زَوَالِ الْعُذْرِ وَجَبَتْ الْوَصِيَّةُ بِقَدْرِ إدْرَاكِهِمْ عِدَّةً مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ
(Касал, ҳайз ва нифос кўрган аёллар каби узрли кишилар) узрлари кетгандан кейин вафот этсалар, соғайганидан сўнг ёки ҳайз ва нифоси тўхтаганидан сўнг неча кун яшаган бўлсалар ўшанча кун рўзасининг фидясини васият қилишлари зиммаларига лозим бўлади.
САВОЛ: каффорот рўзасини тутаётган аёл ҳайз кўриб қолса нима қилади?
ЖАВОБ: қасддан рўзасини очиб қўйгани боис икки ой каффоротини тутаётган аёл орада ҳайз кўриб қолса, каффоротни қайтадан бошлаши шарт эмас. Узрлари кетгач давом эттириб кетаверадилар.
فَلَوْ أَفْطَرَ وَلَوْ لِعُذْرٍ اسْتَأْنَفَ إلَّا لِعُذْرِ الْحَيْضِ
Каффорот рўзасини тутаётган киши ё аёл қайсидир узр туфайли икки ой ичида бирор кун рўзасини очиб юборса қайтадан бошлайди. Ҳайз кўриш бундан мустаснодир. Нифос эса мустасно эмас. Роддул муҳтор
САВОЛ: рўзадор аёл лабига бўёқ суртса бўладими?
ЖАВОБ: рўза ҳолатида лаб ташқи аъзо ҳисобланади. Шундай экан унга лаб бўёқ суртиш билан рўза очилмайди. Китабул Фатава (Холид Сайфуллоҳ Раҳмоний)
САВОЛ: Рамазон ойида ҳайз ва нифоси тўхтаган аёл куннинг қолган қисмида ўзини еб-ичишдан тўхтатиб туриши вожибми?
ЖАВОБ: Рамазон кунларида субҳи содиқдан кейин хайз ва нифоси тўхтаган аёл куннинг қолган қисмида ўзини еб-ичишдан тўхтатиб, рўзадорга ўхшаб туриши мустаҳаб саналади.
يجيب علي الصحيح و قيل يستحب الامساك ... و علي حائض و نفساء طهرتا بعد طلوع الفجر
Субҳи содиқ кирганидан кейин ҳайз ва нифосдан пок бўлган аёлга саҳиҳ қавлда (куннинг қолганида) еб-ичишдан тўхтаб туришлиги вожиб саналади. Бир қавлда мустаҳаб саналади, дейилган. Мароқил Фалоҳ.
САВОЛ: ҳайз, нифос кўрган аёл рўза тутушилиги жоиз бўладими?
ЖАВОБ: бу ҳолатда рўза тутиш, ёлғизлигида рўзадор каби еб-ичишдан ўзини тўхтатиб туриш харом саналади. Одамлар орасида эса ўзини еб-ичишдан тийиб, рўзадорга ўхшатиб туриши Рамазоннинг эхтироми ва ҳаё саналади.
وأما في حالة تحقق الحيض والنفاس فيحرم الإمساك لأن الصوم منهما حرام والتشبه بالحرام حرام
Ҳайз ва нифос ҳолатида ўзини еб-ичишдан тийиб туриш ҳаром ҳисобланади. Чунки бу ҳолатда рўза тутишлик харомдир ва ҳаромга ўхшатиш ҳам ҳаром саналади. Мароқил Фалоҳ.
САВОЛ: аёл киши рўзадор ҳолатида гениколог текширувидан ўтса бўладими?
ЖАВОБ: аёл кишининг жинсий аъзосига намланган ҳолдаги бирор нарсани кириши билан рўзаси очилади.
أَدْخَلَ أُصْبُعَهُ الْيَابِسَةَ فِيهِ أَيْ دُبُرِهِ أَوْ فَرْجِهَا وَلَوْ مُبْتَلَّةً فَسَدَ ، وَلَوْ أَدْخَلَتْ قُطْنَةً إنْ غَابَتْ فَسَدَ وَإِنْ بَقِيَ طَرَفُهَا فِي فَرْجِهَا الْخَارِجِ لَا
Рўзадор аёл олд ёки орт жинсий аъзосига бармоғини киргизиши билан рўзаси очилмайди, ҳўл бармоғини киргизиши билан эса рўзаси очилади. Шунингдек қуруқ бармоғини ҳаммасини ёки баъзи қисмини киргизиб, ташқарига чиқариб сўнг яна қайта киргизиши билан ҳам рўза очилади. Агар олд жинсий аъзосига қуруқ пахта ёки шу каби воситаларни киргизса ва унинг бир учи ташқарида қолса рўзаси очилмайди. Бутунлай ичкарига киргизиб юборса, рўзаси очилади. (Роддул Муҳтор)
САВОЛ: аёл киши қомати баробарича сувни кечиб ўтиши натижасида рўзаси очиладими?
ЖАВОБ: одатий йўллардан ичкарига сув киргани аниқ бўлмаса рўзаси очилмайди.
САВОЛ: субҳи содиқдан кейин ҳайз қони тўхташ эҳтимоли бор бўлган аёл саҳарлик қилиб рўзани ният қилса бўладими?
ЖАВОБ: йўқ мумкин бўлмайди. Аёл кишининг рўзаси рўза бўлиши учун субҳи содиқдан аввал ҳайздан пок бўлган бўлиши лозимдир.
وَمِنْهَا الطَّهَارَةُ عَنْ الْحَيْضِ ، وَالنِّفَاسِ فَإِنَّهَا شَرْطُ صِحَّةِ الْأَدَاءِ بِإِجْمَاعِ الصَّحَابَةِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ
Рўзанинг адо бўлишининг шартларидан: ҳайз ва нифосдан пок бўлишдир. Зеро улардан пок бўлиш саҳобий киромларнинг ижмоси билан рўзани адоси тўғри бўлиши учун шартдир. Бадойиъус Санойиъ
САВОЛ: субҳи содиқдан аввал ҳайз қони тўхтаган аёл ғусл қилмасдан ҳам рўза тутса бўладими?
ЖАВОБ: Ҳайз қони субҳи содиққача ғусл қилса бўладиган миқдор вақтда тўхтаса, гарчи ғусл қилмасада рўза тутиши лозим бўлади. Ҳайз қони субҳи содиққача ғусл қилса улгурмайдиган миқдор вақтда тўхтаса, рўза тутиши лозим бўлмайди.
فَلَوْ انْقَطَعَ قَبْلَ الصُّبْحِ فِي رَمَضَانَ بِقَدْرِ مَا يَسَعُ الْغُسْلَ فَقَطْ لَزِمَهَا صَوْمُ ذَلِكَ الْيَوْمِ
Рамазон ойида субҳи содиқача ғуслгина қилиб олса бўладиган вақтда аёлнинг ҳайз қони тўхтаса ўша куннинг рўзасини тутиши лозим бўлади. Роддул Муҳтор.
САВОЛ: аёл киши рўзадорлигида касаллиги туфайли жинсий аъзосига бирор нарса киргизиб олиши билан рўзаси очиладими?
ЖАВОБ: ичкарига нарса кирганлиги боис рўзаси очилади. Агар субҳи содиқдан аввал ёки ифторликдан кейин жинсий аъзосига даволаниш мақсадида бирор нарса қўйса ва бу билан рўзадор ҳолатида ҳам юрса рўзаси очилмайди. Орқа жинсий аъзосига киргизилган давонинг ҳам ҳукми шундай. (Имдодул Фатаво)
fiqh.uz