(Давоми, боши бу ерда)
Қурбонликка яроқли бўлмаган жониворлар
Масала: Бир кўзи кўр ёки кўришлик даражасини учдан иккиси кетган жониворни қурбонлик қилиш жоиз эмас.
لَا بِالْعَمْيَاءِ وَالْعَوْرَاءِ وَالْعَجْفَاءِ الْمَهْزُولَةِ الَّتِي لَا مُخَّ فِي عِظَامِهَا وَالْعَرْجَاءِ الَّتِي لَا تَمْشِي إلَى الْمَنْسَكِ أَيْ الْمَذْبَحِ ، وَالْمَرِيضَةِ الْبَيِّنِ مَرَضُهَا وَمَقْطُوعِ أَكْثَرِ الْأُذُنِ أَوْ الذَّنَبِ أَوْ الْعَيْنِ أَيْ الَّتِي ذَهَبَ أَكْثَرُ نُورُ عَيْنِهَا فَأُطْلِقَ الْقَطْعُ عَلَى الذَّهَابِ وَالصَّحِيحُ أَنَّهُ الثُّلُثُ ، وَمَا دُونَهُ قَلِيلٌ ، وَمَا زَادَ عَلَيْهِ كَثِيرٌ وَعَلَيْهِ الْفَتْوَى
Масала: Қиймати тайин қилинмай, мулкида бўлмаган жониворни қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди. Ҳозирги кунда жуда кўпчилик сўйиб, гўштини тортамиз неча кило чиқса, шунга қараб пул бераман, деб қурбонлик қиладилар. Бундай қурбонлик жоиз эмас. Чунки, у ҳали ўзининг мулкига айланмаган бўлади. Агар қурбонлик қилишдан аввал ўша жонивор ўлиб қолса, нархи неча пуллиги ва зарар кимга эканлиги номаълум бўлиб қолади. Чунки, харидор мен ҳали сотиб олганим йўқ деса, сотувчи сиз учун шуни тайин қилиб қўйган эдик, дейди.
Масала: Жониворни ҳушидан кетказиб кейин сўйиш жоиз эмас.
Масала: Қўй ва эчкиларни битта елинидан сут чиқиб, битта елинидан сут чиқмаса, шунингдек молларнинг тўртта елинини иккитасидан сут чиқмаса, уларни қурбонлик қилиш жоиз эмас.
Масала: Мол ва туянинг бир елинидан сут келмаса, уларни қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Қурбонликка ҳайвон сотиб олиб, кейин уни ўғирланган ҳайвон эканлиги маълум бўлса, агар уни ўғирлаган кишидан сотиб олган бўлса, қилган қурбонлиги жоиз бўлмайди ва зиммасига бошқа ҳайвонни қурбонлик қилиш лозим бўлади. Молни ҳақиқий эгаси томонидан ҳам қурбонлик ўтмайди. Сўйиб бўлганидан кейин ҳайвоннинг эгаси ижозат берса, гўштини ейиши мумкин. Ижозат бермаса, гўштини ейиш ҳалол бўлмайди.
Масала: Тиши тўкилиб кетган жониворларни қурбонлик қилиш жоиз эмас. Шунингдек, аксарият тиши тўкилиб ози қолган ҳайвонни ҳам. Агар озроқ тишлари тушиб кўпроғи қолган бўлса, қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Қариганлиги туфайли тишлари тўкилиб кетган бўлса-ю, бемалол ем-хашак еяверадиган бўлса, ундай жониворларни қурбонлик қилиш жоиз бўлади(73).
Масала: Думли ҳайвон туғма думсиз бўлиб туғилса ёки думини учдан бири ёки кўпроғи кесилган бўлса, ундай ҳайвонни қурбонлик қилиш жоиз эмас.
Масала: Тили кесилган ҳайвон ўт-ўланни ейишда қийналмаса, уни қурбонлик қилиш жоиз. Агар қийналадаиган бўлса, жоиз эмас.
Масала: Қурбонликка жонивор сотиб олиб, сўнг уни сотиб ўрнига бошқа олса, фойдасини садақа қилиб юборади.
Қурбонлик гўшти
Масала: Кўпчилик шерик бўлиб қурбонлик қилинганда, хусусан ака-укалар биргаликда қурбонлик қилганларида гўштини чамалаб тақсим қилиш жоиз эмас. Балки, судхўрлик бўлади. Шунинг учун аниқ килолаб тортиб, кейин ҳадя қилмоқчи бўлса, ҳадя қилаверади.
Масала: Бир неча киши гўштни тақсим қилишларидан олдин барча шерикларининг ихтиёри билан кимларгадир гўштни садақа қилишни ихтиёр қилишлари жоиз. Қолганини эса, ўз ҳиссаларига кўра тақсим қилиб олаверадилар. Лекин шериклардан бирортаси назр қилган бўлса, гўштини нисоб эгаси бўлган кишиларга ҳадя қилишлиги жоиз эмас.
Масала: Ҳалол ҳайвонларнинг етти аъзосини ейиш жоиз бўлмайди. Улар:
1. Оқувчи қон;
2. Эркак ва урғочи ҳайвоннинг жинсий аъзоси;
3. Эркак ҳайвоннинг мояги;
4. Сийдик халтаси;
5. Орқа чиқарув тешиги;
6. Ғудда (безлар);
7. Ўт пуфак.
Масала: “Канзуд дақоиқ” ва “Мароқил фалоҳ” китобларида ҳаром мағиз, яъни умуртқа суяк ичидаги оқ сут каби суюқликни истеъмол қилиш жоиз эмас, дейилган.
Масала: Кўпчилик кишилар қурбонлик қилганларидан кейин ортган гўштини сотиб юборадилар. Бундай қилиш жоиз эмас. Қурбонлик гўштини сотиб юборган бўлсалар, фақир мискинларга уни пулини садақа қилишлари вожиб бўлади.
Масала: Қассобнинг хизмат ҳақини сўйилган қурбонлик гўштидан бериш жоиз эмас.
Масала: Баъзи бир кишилар гўшти арзон тушар экан деб, қурбонлик қилувчиларга шерик бўлиб оладилар. Агар шерикларидан бирортасини нияти гўштни арзонга тушиши бўлса, барча шерикларнинг қурбонлиги дуруст бўлмайди.
Масала: Қассобнинг хизмат ҳаққини гўшт, тери ёки калла-поча билан адо қилиш жоиз эмас. Агар шундай қилган бўлса, уларни қийматича садақа қилиш вожиб бўлади. Лекин, қассобнинг ҳаққини алоҳида адо қилиб, қўшимчасига уларни унга бериб юборса зарари йўқ. Лекин, эвазига хизмат ҳақини камайтирмаслиги лозим.
Масала: Қассоблик касби дуруст бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замоналарида ҳам қассоблар бўлган. Саҳобаларнинг баъзилари қассоблик касби билан шуғилланганлар.
Қурбонликка оид савол-жавоблар
Савол: Қурбонлик қилувчилар етти ёки ундан кам бўлиб, улардан бири қурбонликнинг қазосини ният қилса шерикларининг қурбонлиги дуруст бўладими?
Жавоб: Шерикларнинг қурбонлиги дуруст бўлиб қазони ният қилган кишининг қурбонлиги нафл бўлиб қолади. Қурбонликнинг қазоси адо бўлмайди. Эвазига ўртача бир қўйни қийматини садақа қилиш зарур бўлади.
Савол : Туя ёки мол сўяётган киши бир ҳиссасини ақиқадан деб ният қилса дуруст бўладими?
Жавоб: Етти ҳиссадан бир ҳиссасини ақиқадан деб ният қилишда ҳеч бир зарар йўқ.
Савол: Қурбонликнинг терисини сотиш жоизми?
Жавоб: Қурбонликнинг териси унинг гўшти каби пулга сотилмайди. Агар сотса қийматини фақирларга садақа қилиши вожиб бўлади. Лекин пулдан бошқа уйда истеъмол қилинадиган нарса эвазига (идиш-товоқ каби ейилмайдиган доимий истеъмол қилинадиган) алмаштирилса жоиз.
Савол: Бир киши қурбонликдан бир икки ҳафта олдин қурбонликка ҳайвон сотиб олса ёки уйида боқаётган ҳайвонни қурбонликка ният қилса унинг сутидан юнгидан фойдаланиши жоизми?
Жавоб: Фатавойи Ҳиндия китобида: ”Бир киши қурбонликка қўй сотиб олса(ёки мол) унинг сутидан ёки юнгидан фойдаланиши макруҳи таҳримийдир. Чунки у қурбонликни қурбат учун тайин қилди. Қурбонлик кунидан олдин сўйиб олса гўштидан фойдаланиш жоиз бўлмаганидек қурбонликдан олдин сути ва юнгидан фойдаланиш жоиз эмас. Баъзи машойихлар фойдаланиш жоиз эмаслигига назр қилинган қурбонлик ва камбағалнинг қурбонликка атаб сотиб олган жонлиғида жоиз эмас» деганлар», дейилган. Агар сути соғилган юнги олинган бўлса уларни фақирларга садақа қилиб юборилади.
Савол: Бир киши отаси тарафидан қурбонлик қилиб ўзига кераклигини олиб қолиб қолганини сотиб юборса бўладими?
Жавоб: қурбонликни терисини ва гўштини бойга ҳам камбағалга ҳам ҳадя қилиши ёки садақа қилиши жоиз . Агар қурбонликнинг териси ё гўшти пул эвазига сотиб юборган бўлса уни закот олишга ҳақлиларга тарқатади, ўзи ишлатиши жоиз эмас. “Роддул мухтор” китобида агар қурбонлик гўшти ё терисини мустаҳлак (буғдой, асал каби ейиладиган нарсаларга ) ёки пул эвазига сотилса уни садақа қилиш вожиб дейилган.
Савол: Қурбонликнинг териси сотилгач унинг қиймати қандай садақа ҳисобланади.?
Унинг қийматини масжид мадрасаларнинг таъмирига ишлатиш жоизми? Териларни масжидга келтириб берилса мутавалли ёки имом уни сотиб пулини масжидга ишлатиши жоизми?
Жавоб: Қурбонлик териси сотилгач шариат юзасидан фақир-мискинларга садақа қилиниши вожибга айланади. “Ҳидоя” китобида “Тери ёки гўштни тилло, кумуш ёки турмайдиган мол (ун, ёғ каби) нарса эвазига сотилса уни садақа қилиш вожиб бўлади. Чунки қурбат эвазга кўчди“, дейилган. Ушбу иборадан қурбонлик териси сотилгач, унинг қиймати закот каби садақа қилиши вожиб бўлади. Шундай экан уни закотга ҳақдор бўлган ўринларга сарф қилинади. Закотни фақир мискинга мулк қилиб бериш шарт бўлгани каби терининг қийматини ҳам фақир-мискинга мулк қилиб бериш шарт. Масжид таъмирига ишлатиладиган ўринда мулк қилиб бериш топилмайди. Мабодо терининг нархини ҳақдор бўлган фақир кишига мулк қилиб берилса-ю ва у ўз ихтиёри билан масжидга ҳадя қилса жоиз.
Савол: Агар терини имом ёки мутаваллига бериб улар уни масжидга ишлатса бўладими?
Жавоб: Агар терини масжидга ишлатиш учун имом ёки мутаваллига берилса улар сотиб пулини масжидга ишлатсалар ҳам жоиз бўлмайди. Чунки бу ерда фарз бўлган мулк қилиб бериш деган нарса топилмаяпти. Мулк қилиб беришнинг маъноси бирор шахсга хоҳлаганидек тасарруф қила оладиган шахсий мулк қилиб бериш. Юқоридаги суратда эса бу нарса топилмаяпти. Балки терини пулини масжидга ишлатиш учун имом ёки мутавалли вакил қилиняпти. Вакилликнинг шарти эса вакил қилувчи ўзи тасарруф қилишга эга бўлган шахс бўлиши керак, вакил қилувчининг ўзи масжидга сарфлашга ҳақи йўқ бўлганидан кейин унинг вакилини ҳам бунга ҳақи йўқ. Хулоса шуки, тери масжидга етиб келмасдан аввал сотилса ҳам , масжидга етиб келиб сотилса ҳам, уни масжидга ишлатиш жоиз бўлмайди.
Савол: - Баъзилар фотиҳага келганлар таомланиб кетсинлар деган ниятда, арафа куни ёки қурбонлик куни, ийд намозидан олдин жонлиқларни сўядилар. Шу қурбонлик ҳисобланадими?
Жавоб:- Шаҳарда яшайдиганлар учун, қурбонлик кунларининг биринчи кунида, ийд намозини ўқишларидан олдин қурбонликларини сўйишлари жоиз эмас.
[لَا يَجُوزُ لِأَهْلِ الْأَمْصَارِ الذَّبْحُ حَتَّى يُصَلِّي الْإِمَامُ صَلَاةَ الْعِيدِ] لِقَوْلِهِ عَلَيْهِ السَّلَامُ «إنَّ أَوَّلَ نُسُكِنَا فِي يَوْمِنَا هَذَا، الصَّلَاةُ، ثُمَّ الذَّبْحُ»، وَقَالَ عَلَيْهِ السَّلَامُ: «مَنْ ذَبَحَ قَبْلَ الصَّلَاةِ، فَلْيُعِدْ ذَبِيحَتَهُ، وَمَنْ ذَبَحَ بَعْدَ الصَّلَاةِ، فَقَدْ تَمَّ نُسُكُهُ، وَأَصَابَ سُنَّةَ الْمُسْلِمِينَ». وَإِنْ أَخَّرَ الْإِمَامُ الصَّلَاةَ، فَلَيْسَ لَهُ أَنْ يَذْبَحَ، حَتَّى يَنْتَصِفَ النَّهَارُ، وَكَذَا إذَا تَرَكَ الصَّلَاةَ مُتَعَمِّدًا
«Шаҳар аҳли учун ийд намозидан олдин қурбонлик жоиз эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бугунги биринчи ибодатимиз, намоз кейин қурбонликдир», деганлар. Ва яна у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намоздан олдин сўйса, қурбонлигини қайта қилсин. Ким намоздан кейин сўйган бўлса, ибодати тугал бўлибди, мусулмонлар суннатини топибди», деганлар. Агар имом намозни кечиктирса ҳам то кун яримламагунча қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди.
(Давоми бор)