Бугунги кунда турли қимор ўйинлари кўпайиб кетди.
Қимор шаръан ҳаром ва ман этилган ишдир.
Имом Журжоний қиморга икки хил таъриф берган:
1. Қимор – бир одамнинг бошқа кимсадан ўйинда шарт қилинган нарсани олишидир.
2. Ғолиб кимсага мағлубларнинг молидан берилиши шарт қилинган ҳар қандай ўйин қимордир.
Демак, шаръан ман этилган ва ҳаром бўлмиш қимор бўлиши учун бир неча кимсалар ўртага пул тикиб, шарт қилинган нарсани битта одам ютиб олар ва ғолиб мағлублар молидан ютуққа эга бўлар экан.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
«Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз».
(Моида, 90).
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини эшитган эдим: «Дарҳақиқат, ҳалол нарсалар аниқдир, ҳаром нарсалар ҳам аниқдир. Иккисининг ўртасида эса шубҳали бўлган нарсалар ҳам борки, кўпчилик уларни билмайди. Кимки шундайин шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилса, динини ҳам, номус-обрўсини ҳам покиза асраб қолади....».
Бухорий ва Муслим ривояти.
Аллоҳ таоло бандаларга ҳалол касб қилиш ва покиза ризқ ейишни амр этган.
«Бугун сизларга тоза-покиза нарсалар ҳалол қилинди».
(Моида, 5).
Ҳалол касб сабабли мол топиш савобли бўлиб, унда баракот бўлади.
Аллоҳ азза ва жалла ҳаром касблардан ва нопок ризқ топишдан ман этган.
«Эй иймон келтирганлар! Бир бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг».
(Нисо, 29).
Ҳаром йўл ила мол топиш гуноҳ бўлиб, асло барака бўлмайди.
Шундай экан, қимор ўйнаш, қимор сабабли пул ёки бошқа нарсалар топиш ҳаром ишдир.
Бунақанги ишларга “барака” номини бериш эса номақбул иш бўлиб, зотан ҳаромда ҳеч қачон барака бўлмаслиги шубҳасиздир.
Умму Хадича