Нега Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ёшликларида чўпон, кейинчлик эса савдогар-тожир бўлганлар? Агар Аллоҳ таоло хоҳлаганда у кишини бошқа касб эгаси қилиши мумкин эди. Хўш, Аллоҳнинг элчиси салаллоҳу алайҳи ва саллам айнан чўпон ва тожир бўлишларида қандай ҳикмат бор?
Аллоҳ таоло бошқа пайғамбарлар қатори Набий алайҳиссаломни ҳам ёшликларида чўпон бўлишларини ихтиёр қилди, бунинг сабаби чўпоннинг асосий вазифаси подани ҳимоя қилиш, унга ғамхўрлик қилишда деб биламиз. Кимдан ҳимоя қилади? Ваҳший ҳайвонлардан-да! Шундай қилиб Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам болаликларидан бошқаларнинг ғам-ташвиши билан яшаб, уларнинг эҳтиёжлари ҳақида қайғуришни, золимлардан ҳимоя қилишни ўрганиб борганлар.
Савдогар бўлишларида қандай ҳикматлар бор эди? Агар чуқурроқ ўйлаб кўрсак, савдо, тижорат, тадбиркорлик кўплаб касблар орасида энг фойдалиларидандир. Эгнингиздаги кийим, хонангиздаги жиҳозлар, ишлатаётган асбоб-ускуна, ён-атрофингиздаги буюмларнинг деярли барчаси тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилиб, савдогар ва тижоратчилар томонидан сизга етказилган.
Аммо тадбиркорликнинг бунданда ажойиб ва фазилатли жиҳатлари бор. Тадбиркорлик гўзал одоб ва ахлоққа ўргатади. Инсонларга яхши муносабатда бўлишни, уларнинг муаммоларини ҳал қилишни, эҳтиёжларини тушунишни ўргатади, сабрли бўлиш ва ўзини тута билиш кўникмаларини ҳосил қилади. Бу жараёнлар табиий равишда ҳосил бўлади – одамлар фақатгина хушмуомала, жонкуяр ва яхши тадбиркорларнинг доимий мижозларига айланиши мумкин. “Мижоз доим ҳақ”, “сўнги сўзни мижоз айтади” деган гаплар бежиз пайдо бўлмаган. Агар тадбиркор, савдогар, тожир ўз мижозларидан норози бўлса ҳам буни уларга сездирмасликка ҳаракат қилади, ўзини тутиб туради, мижозларига ҳурмат кўрсатади. Уларнинг шикоятларини сабр билан тинглашга, муаммоларини ҳал қилишга доимо тайёр туради. Шу сабаб мижозлар ўша тадбиркорни (унинг маҳсулотини/молини) ўз таниш-билишларига тавсия қилишади ва бизнес ўсиб, кенгайиб боради. Тадбиркорликнинг ўзи чиройли хулққа ўргатади.
Тадбиркорликда яна бир жавҳар бор – у ишончли, ростгўй, омонатдор бўлишга ўргатади. Ҳақиқий тадбиркор ваъда берса – бажаради, моли тўғрисида гапирса – айбларини яширмайди, бирор мажбириятни бўйнига олса – уни тўлиқ адо этади. Акс ҳолда у энг муҳим нарсани – омонатдорликни йўқотади, мижозлари ва ишидан айрилади. Шу сабабли Пайғамбаримиз рисолат келгунча ҳам “амин", яъни "энг ишончли, ростгўй” деб ном чиқарган эдилар. Айнан у зотга қурайшликлар ўз мол-мулклари ва сирларини ишонар эдилар. Айнан у зот мўминлар онаси Хадича розиоллоҳу анҳонинг тижоратларига фойда, мол-мулкларига барака киришига сабабчи бўлдилар. Улар нима иш билан шуғулланмасинлар, ўша ишга хайр-барака кириб, ривожланиб бораверган.
Шундай экан, ҳақиқий тадбиркор доимо ишончли, омонатдор, гўзал ахлоқ эгаси, бошқаларга ғамхўр ва ишларда ислоҳ тарафида бўлади. Асрлар давомида синовдан ўтган ушбу сўзлар қуруқ гап бўлиб қолмай, ҳаётимизнинг бир қисмига, табиат ва диёнатимизга айланмоғи лозим.
IslomMoliyasi телеграм каналидан олинди