Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номларидан қурбонлик қилиш жоизми?"

8315

Ҳозирда энг кўп сўралаётган масалалардан бири вафот этганлар, хоссатан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам номларидан қурбонлик қилиш жоиз ёки ножоизлиги ҳақидадир.

Бу масалада баъзи мусулмонлар вафот қилганлар номидан қурбонлик қилиш мутлақ ножоиз деб айтишмоқда. 

Аммо бу иш жумҳур уламолар наздида жоиздир.

عَنْ حَنَشٍ عَنْ عَلِيٍّ : " أَنَّهُ كَانَ يُضَحِّي بِكَبْشَيْنِ أَحَدُهُمَا عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، وَالْآخَرُ عَنْ نَفْسِهِ ، فَقِيلَ لَهُ ، فَقَالَ : أَمَرَنِي بِهِ يَعْنِي النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَلَا أَدَعُهُ أَبَدًا".  رواه أحمد وأبو داود.

Ҳанаш (раҳимаҳуллоҳ) дан ривоят қилинади: "Алий (розияллоҳу анҳу) Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам номларидан ва ўз номидан икки қўйни қурбонлик қилар эди. У кишидан бу ҳақида сўралганида: "Менга шундай қилишни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам амр этганлар ва буни ҳеч ҳам тарк қилмайман", дея жавоб берди. 

(Имом Аҳмад, Абу Довуд ривояти).

Миср фатво ҳайъати бу ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берган:

Жумҳур уламолар: ҳанафий, моликий ва ҳанбалий уламолар наздида вафот қилганлар номидан қурбонлик қилиш жоиздир. Шофеъий мазҳаби уламолари наздида эса маййит ўз номидан қурбонлик қилишга васият қилган ёки шу маънода вақф қилган бўлсагина жоиз.

Бунга далил ўлароқ ушбу ҳадис келтирилган:

عَنْ حَنَشٍ قَالَ : "رَأَيْتُ عَلِيًّا يُضَحِّي بِكَبْشَيْنِ ، فَقُلْتُ لَهُ : مَا هَذَا ؟ ، فَقَالَ : إِنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَوْصَانِي أَنْ أُضَحِّيَ عَنْهُ فَأَنَا أُضَحِّي عَنْهُ". رواه أبو داود.

Ҳанаш (раҳимаҳуллоҳ) дан ривоят қилинади: "Али (розияллоҳу анҳу) нинг икки қўйни қурбонлик қилганини кўриб, "Бу не амал?", дея сўрадим. У киши: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга  у зот номларидан қурбонлик сўйишимни васият қилган эдилар, мен у зот номидан қурбонлик қилдим", дея жавоб берди".

 (Абу Довуд ривояти).

Шунга биноан айтамизки,  вафот қилганлар ва хоссатан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан қурбонлик қилиш жоиз ва савобли амалдир. 

Илло, қурбонлик қилувчи албатта ўз номидан битта ва вафот қилганлар номидан битта қўй сўйиши лозим. Зиммасида қурбонлик қилиш вожиб бўлган, аммо ўзи қурбонлик қилмай туриб, вафот қилганлар номидан қурбонлиқ қилиш ножоиздир.

Фақат, бу қилиш шарт бўлган амал эмас, балки, қилса жоиз амалдир. Мабодо кимдир шундай қилса ўз ихтиёри ва кимдир қилмаса бу ҳам ихтиёрли амал ва унга бирон бир маломат йўқ.

Аллоҳ янада билгувчироқдир.

Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бепарволик билан қурбонлик қилмаган киши

2475 09:10 01.07.2023

Қурбонликни сўйган қассобга иш ҳақи қандай берилади?

8982 09:10 30.06.2023

Вақтида қилинмаган қурбонлик ҳукми

2268 14:50 29.06.2023

Қурбонликни қачонгача қилиш мумкин?

2963 12:45 27.06.2023

Қарз олиб қурбонлик қилса бўладими?

2267 09:30 26.06.2023

Намоз ўқимаган одамнинг қурбонлиги

5879 09:25 25.06.2023
« Орқага