Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Пардознинг шаръий ҳукмлари

2263

Зийнат унга қарайдиган шахс эътиборидан иккига – ҳалол ва ҳаромга бўлинади.

Масалан, эрга қараш ҳалол бўлган нарса маҳрам қариндошларникидан фарқ қилади. Маҳрамларга жоиз бўлганлари бегона кишиларникидан фарқланса, эркак ва аёлларнинг қараши жиҳатидан ҳам фарқ қилинади.

Бу ҳақида қуйида  батафсил маълумот берамиз.

  1. Аёлнинг турмуш ўртоғи олдида ороланиб юриши

Аёлнинг ўз эри учун зийнатланиши барча ҳолатларда  исталган кўринишда бўлсин, мубоҳдир. Эр учун аёлининг барча зийнатига қараш ҳалол.

Бунга Оиша розияллоҳу анҳонинг: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан фарақ деб номланадиган бир идишда ғусл қилар эдим”, деган ҳадисларини далил қилиш мумкин.[1]

Имом Қуртубий: “Эр ва хожа аёлнинг зийнатини истаганича кўриши мумкин. Чунки унинг баданига қараш эри учун ҳалол. Шунинг учун ҳам оятда аёлларнинг зийнатини  кўришга ҳақли эркакларнинг биринчиси “буъула - эрлари” деб зикр қилинган”, дейди.

Аллоҳ таоло “Муъминун”  сураси 6- оятида: “Магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан (сақламасалар), албатта, улар маломат қилингувчи эмаслар”, деб марҳамат қилган.

  1. Аёлнинг ўз маҳрамлари олдида ороланиши.

Фуқаҳолар аёлнинг маҳрамлари қараши ҳалол бўлган зийнатлари чегараси тўғрисида турли фикрларни билдирганлар. Қуйида уларнинг қарашларини баён қиламиз.

Ҳанафийлар киши (аёлидан бошқа) ўз маҳрамининг юзи, боши, кўкси (бу нарса эмизикли аёллардан оғирликни кўтариш учун ), болдири ва билагига қараши мумкин, дейишган. Бунга сабаб уй ичида рўзғор хизматида ва бола парваришида ёпиб юриш машаққат келтирадиган ва кўп ҳолларда очилиб турадиган аъзолар бўлгани сабаблидир. Аёлнинг маҳрамига унинг қорни ва орқасига қараши жоиз бўлмайди, қараш жоиз бўлган аъзолар, зийнат аъзоларидир. Қорин, сон ва орқа эса бу ўринга кирмайди.

Моликийлар аёл кишининг ўз маҳрамига нисбатан аврат бўлмаган аъзолари деб юз, даҳан, бош, икки оёқ ва билакни ҳисоблаганлар. Ундан бошқа барча аъзоси, ҳаттоки кўкси, оёқ тўпиғига ҳам маҳрамнинг қараши жоиз эмас.

Шофеийлар киши маҳрам аёлнинг кўп аъзосига, ҳаётий зарурат ва фавқулодда ҳолатларда тизза ва киндик орасидан бошқа жойларга шаҳватсиз назар солиши мумкин, деганлар.

Ҳанбалий мазҳабида киши ўз маҳрамларининг одатда очиқ турадиган бўйин, бош, икки кафт ва оёғига қарашини жоиз санашган. кўп ҳолатларда ёпиқ турадиган кўкси қорни ва орқаси каби аъзоларга қараш жоиз эмас.

Юқоридаги мазҳабларнинг фикрларини мулоҳаза қилсак, уларнинг барчаси маҳрамнинг юзи ва юз чеккаларига назар солиши жоиз эканида якдил бўлганларини кўриш мумкин.  уларнинг ихтилофи садди зарийъа қоидасига асосланган борасида бўлган. Улар орасида моликийларга ўхшаб, фитналарнинг олдини олиш мақсадида буни ўта қаттиқ ушлаганлари ҳам, шофеийларга ўхшаб ўрта йўлни тутганлари ҳам мавжуд.  Ҳанафий ва ҳанбалийлар каби бироз кенгфеъллик билан  ёндошганлари ҳам бор. уларнинг барчаси битта манба – садди зариа риоя қилган ва табарруж – очиқ-сочиқлик  бўлмаслигини шарт қилганлар.[2]

Балоғат ёшига етмаган ва аврат нима эканига ақли етмайдиган даражадаги болалар олдида аёл кишининг ўзини тўсиши ҳақида уламолар икки хулоса фикрни ўртага ташлаганлар.

Биринчиси – тўсилиш шарт эмас, чунки улар ҳали Ислом амалларини бажаришга мукаллаф  бўлмагани учун аёлларнинг баъзи зийнатларини кўришидан зарар йўқ.

Иккинчиси – улардан тўсилиш шарт бўлиб, баъзи болалар ёки аёлнинг баъзи ҳолатларда шаҳвати уйғониш ҳолатлари бўлиши жиҳатдандир.  Уламолар бундай ҳолатларинг эҳтиётини қилиш ва боланинг аёлларга қарашга ўрганиб қолмаслиги учун  ушбу хулосага келишган. Аммо, баъзи фавқулодда ҳолатларда унинг бадани очилиб, боланинг кўзи тушадиган бўлса, зарари йўқ[3].

 

Зебуннисо Қутбиддин қизи


[1] “Sahihu Buxoriy” “G’usl kitobi”. 1/106

[2] Zuhayliy. “Al-fiqhul Islomiy va adillatuhu”

 

[3] “Tafsiri Qurtubiy” 12/237

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Аёл номаҳрам одамга иқтидо қилиб намоз ўқиши мумкинми?

2265 15:15 10.06.2023

Қозоғистон: темирйўл поездларида  аёллар вагонлари жорий қилинмоқда

1729 08:50 10.06.2023

Темурийлар салтанатида аёлларнинг ўрни

1435 10:43 11.04.2023

Аёл киши кимларнинг олдида намоз ўқиши мумкин?

4475 14:31 01.03.2023

Аёллар ва сиёсат: уларнинг давлат бошлиғи бўлиши қанчалик тўғри?

1478 13:50 09.01.2023

Нима учун муслима аёлларга ғайридин эркакка турмушга чиқиш тақиқланган?

4151 20:00 01.12.2022
« Орқага