Бугун яна биров оламдан ўтди. "Ибрат олинг" дейишди, таъсирландим. Эҳтимол мошина олишга навбатда тургандир, ё дам олиш учун санаторийгами, ёки ҳажгадир. Ҳаммаси қолди, сафарга отланди, қайтмас сафарга. Бу кунда тузилган режалар, амалга ошмаган орзулар, қилинган амаллар, бировга айтилмас сирлар-ҳамма, ҳаммаси маййитнинг ўзи билан кетди. Атрофга боқдим, турли-туман чеҳра бўлганидай, кайфият ҳам турлича. Кузатувчилардан кимлардир мусийбати билан, кимлардир суҳбати, кимдир маюслик ва яна бошқаси табассуми билан саф тўлдиришди. Бепарволар ҳам бор...
Ҳуллас, ҳар ким ўзи билан ўзи машғул. Дунëдан насибаси узилган тобутдаги марҳум ҳам ўзи билан ўзи оввора...
Ишқилиб, ҳар бир "мўминман" деган банда ёруғ юз билан борсин...
Салим АЙЮБИЙ
********
Хижиллик
Ҳофиз ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади:
"Ибн Умар розиёллоҳу анҳунинг ходимлари бир гуноҳ қилди. Ибн Умар розиёллоҳу анҳу унинг гуноҳи учун жазоламоқчи бўлдилар. Ходим деди:
-Саййидим! Сизнинг гуноҳингиз йўқми? Сиз хожангиз бўлмиш Аллоҳдан қўрқмайсизми?
Ибн Умар:
-Қўрқаман.
Ходим:
-Сизга муҳлат берган зотнинг номи билан сўрайман, менга ҳам муҳлат беринг!
Ходим бир қанча вақт ўтиб яна гуноҳ қилди. Ибн Умар розияллоҳу анҳу жазоламоқчи бўлганларида яна аввалги гапини айтди. Яна ходимни авф қилдилар.
Ходим анча вақтдан кейин учинчи бор гуноҳ қилди. Ибн Умар розияллоҳу анҳу уни жазоламоқчи бўлдилар. Аммо ходим бу сафар индамай турди. Шунда Ибн Умар розияллоҳу анҳу ундан сўрадилар:
-Сенга нима бўлди? Нега аввалги гапингни айтмаяпсан?!
Ходим деди:
-Саййидим! Гуноҳни такрор-такрор қилсамда менга юмшоқ бўлдингиз. Шундан хижолат қилиб индамай турибман.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу йиғлаб юбориб дедилар:
-Сендан кўра мен Роббимдан хижолат қилишга ҳақлироқман. Боравер, сени Аллоҳ учун озод қилдим!
"Ал-бидая ван ниҳая" китобидан А.Полвонов таржимаси