Бир одам бор. Намозини зўрға ўқийди. Ўзи яқинда бошлаган. Баъзан тушунмаганларини сўраб туради. Мисол, "Бомдоднинг вақтини ўтказибман, қай тариқа ўқийман?" дейди. У тушунадиган қилиб, содда усулда баён қилиб берсам, "Хадс (ҳадис демоқчи) саххми (саҳиҳми)?" дейди. Аввало, ҳадис нима, ҳикоя нима эканлигини билмайди, саҳиҳлик ҳақида ҳам қаердандир кўриб қолган, "ўқигани"ни билдириб, луқма ташлаб қўяди.
* * *
Бундан уч-тўрт йилларча аввал бир маросимда "Садақа билан садақи жориянинг фарқи нима?" деб савол берди биров. Меҳмонлардан бири, ўттиз йилча атеизмдан сабоқ бериб нафақага чиққан, бир думалаб маҳалласининг домласига айланиб олган киши "Мендан аввал бошқалар жавоб бериб қўймасин", деб оғзига нима келса нафас олмай, ўйламай гапириб кетди. Гапи охирлаганда савол берувчи: "Мен сиздан эмас, бу кишидан сўрадим", деди. Асл жавоб айтилгандан кейин мулзам бўлган домла: "Майли, китобларга яна бир қараб қўярканмиз", деди...
* * *
"Дин монополия эмас", дейишади. Тўғри, монополия эмас, аммо хоҳлаган одам кечиб кетаверадиган ботқоқзор ҳам эмас...
* * *
Авом аро "Домланинг айтганини қил, қилганини қилма", дейишади. Буни тили бошқа, иши бошқа маъносида тушунишади, аслида-чи? Сизга бир мисол келтираман.
Олим саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд шалвари узун, почалари судралиб юрган одамни кўриб қолдилар, унга: "Шалварингни кўтариб ол", дедилар. У эса: "Ўзинг ҳам кўтариб ол", деди. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу узрларини айтиб: "Менинг болдирларим ориқ-да, мен имомликка ўтаман, одамлар кўриб қолмасин дейман", дедилар. Бу воқеа ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга етиб борди. "Сен ибн Масъудга гап қайтарасанми?" деб уни урдилар...
Бир кун у Зот Расулуллоҳ алайҳиссаломга мисвок олиб бераман деб дарахтга чиқдилар. Саҳобийлар ўзлари ориқ, оёқлари ингичка бўлган бу кишининг болдирларини кўриб қолиб, кулиб юбордилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: "Сизлар унинг ориқ болдирларига куляпсизми? Аллоҳнинг назарида унинг болдирлари Уҳуд тоғидан кўра оғирроқ келади", дедилар...
Кўрдингизми гап қаерда?
Балки "Бугунги илмлилар Ибн Масъуддай эмаслар", дерсиз, аммо уларни гапираётганлар ҳам саҳобийлардай эмас.
* * *
Бугунги уламоларга одобсизларча тошлар отилмоқда, камчиликлари бўлса, юзларига оёқ қўйиб юборилмоқда, бирор нуқсонлари бўлса, оммага ёзиб шарманда қилинмоқда...
* * *
Булар айнан сизгагина эмас, ҳар бир гапи, ҳар амали, ҳар гуноҳу савобидан сўралишига иймон келтирган, сизга, бизга, ва барчага тааллуқли деб биламан. Сиз ва бизга "Кошки охиратимизга фақат ўзимизнинг гуноҳларимиз билан борсайдик", деб умид қиламан...
* * *
Келинг, ҳаммасини қўйинг, ким нима қилсин қилсин, деса десин, биз ўзимиз билан шуғулланайлик. Охиратга борганда "Ғийбат қилувчилар, масхара қилувчилар, фитна чиқарувчилар" тамғалари билан бормайлик...
Барчангизга чуқур ҳурмат билан Салим Айюбий