Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Охират юки

4521

Ислом ҳазораси тарихидаги ажойиб мана бу ҳодисани эшитайлик. Умарнинг розияллоҳу анҳу хизматкорлари Аслам розияллоҳу анҳу ҳикоя қиладилар: «Бир тун Умар розияллоҳу анҳу билан чиқдим. Биз шаҳардан узоқлашдик. Олис манзиллар аҳлини кўздан кечирардик. Узоқда ёнаётган ўтни кўрдик. Умар розияллоҳу анҳу: «Мен у ерда тун ва совуқ тўхтатиб қўйган йўловчиларни кўряпман, мен билан юр», дедилар. Биз тез суръат-ла юрдик ва уларга яқинлашдик. 

У ерда бир аёл билан гўдаклари ва оловга осиб қўйилган қозон турарди. Гўдаклари чинқириб йиғларди. Умар салом бериб, сўнг у аёлдан: «Нима бўлди?» деб сўрадилар. Хотин: «Бизни тун ва изғирин тўхтатиб қўйди», деди. Умар розияллоҳу анҳу: «Бу болалар нега чинқириб йиғлашаяпти?», деб сўраганларида, аёл «Очликдан», деди. Умар розияллоҳу анҳу: «Бу қозонда нима нарса бор?» деганларида, «Ичида сув бор, ухлагунларича шу билан овутиб турибман, Аллоҳ биз билан Умарнинг ўртасида», деб аёл Умар розияллоҳу анҳудан шикоят қилиб, қарғади. Умар розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳ раҳм қилгур, Умар сизларнинг аҳволингиздан бехабардир?» деганларида, «У бизга бош бўлади-ю, эсдан чиқарадими?», деди.

Умар розияллоҳу анҳу менга ўгирилдилар ва: «Кетдик», дедилар. Биз тез юриб, унхонага келдик. Бир халта ун ва бир идишда ёғ олдилар ва менга: «Устимга юклаб қўй», дедилар. «Мен кўтараман», дедим. У киши айтдилар: «Қиёмат куни ҳам гуноҳларимни кўтарасанми, эй барака топгур?!» Мен юкни у кишининг орқаларига юклаб қўйдим-да, биргаликда тез юриб кетдик. 

Мўлжалга етиб бориб, юкни аёлнинг олдига туширдилар. Ундан озроқ олиб, унга: «Менга қўйиб бер, сенга ўзим қайнатиб бераман», дедилар-да, қозоннинг остини пуфлай бошладилар. Соқоллари катта эди, шундан тутунни соқоллари орасидан чиқаётганини кўрардим. Ва ниҳоят, уларга таом пишириб бердилар. Сўнг аёлга: «Менга бирор нарса келтир», дедилар. Аёл бир лаганча келтирди ва таомни унга бўшатдилар-да: «Уларни овқатлантир, мен буни совутиб тураман», дедилар. То улар тўйгунча шундай қилиб турдилар. Таомнинг қолганини уларнинг олдида қолдирдилар. Сўнг ўринларидан турдилар, мен ҳам бирга турдим. Аёл: «Аллоҳ сени яхшилик билан мукофотласин, бу ишинг билан сен мўминларнинг амиридан яхши экансан!» деди.

Умар розияллоҳу анҳу дедилар: «Яхши сўзларни айт. Агар мўминларнинг амири ҳузурига борсанг, иншааллоҳ, мени ўша ерда топасан». Сўнг у ердан четга ўтиб, унга юзландилар ва бир панада ётдилар. Мен у кишига: «Бу иш сизга лойиқ эмас», дегандим, «Гапирма, мен гўдакларни очлик билан олишиб ётганларида кўрдим. Кейин мана ухладилар, тинчланиб қолдилар». 

Сўнг ўринларидан туриб, Аллоҳга ҳамд айтдилар ва менга қараб: «Эй Аслам, очлик буларни бедор қилди ва йиғлатди. Мен ўзим кўриб турган бу ҳолни ҳал этмагунча қайтмасликни истагандим», дедилар».

«Ислом ҳазораси» китобидан.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шарқшунослар Ислом ҳазораси ҳақида

1417 21:00 01.04.2021

Ислом ҳазораси

1880 22:00 02.07.2020

Ислом ҳазораси: Ҳазоранинг тарихдаги асарлари

2087 21:17 27.06.2020

Ислом ҳазораси (давоми)

1756 20:00 25.06.2020

Ислом ҳазораси

1800 23:10 24.06.2020
« Орқага