Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Одоблар алифбоси (4-мақола)

1403

8-одоб. Фақат Aллоҳ таолога муножот қилиш.

Бу одоб ҳам ўзидан юқоридаги одобларга бевосита боғлиқ. Aллоҳ таоло ҳар нарсага Молик зот. Осмонлар-у, ернинг жилови унда. Киши Aллоҳнинг қудрати, иззати ҳақида тафаккур қилса, ўзининг ожизлиги, қусурларини эътироф этади. Мана шуларнинг барчаси бир инсоннинг қалбида қарор топар экан, у киши фақат Aллоҳга муножот қила бошлайди. Aйниқса, мусибат ва фалокатлар вақтида, ҳеч бир киши, катта мансаб эгалари, бойлар ҳам ёрдам бера олмаган пайтда фақат Aллоҳга юзланади. Зеро Aллоҳдан ўзга муножот қилинадиган зот йўқ. Ундан ўзга сиғинадиган илоҳ йўқ. Бошпана фақат унинг ҳузуридадир.

Шундай экан киши мусибат келишидан, ўз ҳожатини ҳам раво қилишга қодир бўлмаган бандаларга мурожаат қилишдан олдин Aллоҳга мурожаат қилиши лозим.

Муножот – убудиятнинг (бандаликнинг) асосидир.  

9-одоб. Aллоҳдан ҳаё қилиш.

Бу ҳам Aллоҳ ва банда ўртасидаги одобларнинг энг асосийси ҳисобланади. Aллоҳ таоло ўзига хос сифати билан ҳар нарсани кўриб туради, ҳар нарсани эшитиб туради. Нафақат товуш-овозларни, балки қалбларда яширинган нарсаларни ҳам билади. Қилаётган ҳар ишимиз, айтаётган ҳар бир сўзимиз, ўйлаётган ҳаёлларимиз Унинг назоратида.

Шундай экан мўмин киши ёмон сўз айтишдан, ёмон иш қилишдан, ҳатто, ёмон ҳаёллар суришдан ҳам ҳаё қилмоғи лозим.

Бу ҳаё мўмин кишини бир лаҳза ҳам тарк этмайди. Хусусан, одамлар кўрмайдиган хилват жойларда ҳам, ўзи ёлғиз қолганда ҳам Aллоҳга бўлган ҳаё мўминни гуноҳ-маъсиятдан сақлайди.

Aллоҳдан ҳаё қилиш банда учун жуда фойдали. Aна шу фойдалардан баъзилари:

- Ибодатга шошилиб, маъсиятдан қочиш. Чунки банда Aллоҳ уни ибодатни тарк қилиб, гуноҳ амалга ошираётган ҳолатда кўришидан уялади.

- Aллоҳнинг бандадан ҳаё қилиши. Чунки жазо гуноҳнинг жинсидан бўлади. Ким гуноҳ қилишда Aллоҳдан ҳаё қилса, Aллоҳ ҳам қиёматда уни жазолашдан ҳаё қилади. Абу Воқид ал-Лайсийдан ривоят қилинади, у киши айтадилар: Набий алайҳиссалом одамлар билан бирга ўтирган эдилар уч киши келди. Иккиси Набий алайҳиссаломга яқинлашди, учинчиси эса кетди. Аввалги иккиси Набий алайҳиссаломнинг олдларига ўтирди, яъни биринчиси ҳалқада кичик бир очиқ жойни кўрди ва ўша ерга ўтирди. Иккинчиси эса ҳалқанинг орқасига ўтирди. Учинчиси эса ортига қайтиб кетди. Набий алайҳиссалом ўз ишларидан фориғ бўлгач айтдилар: “Мана шу уч киши ҳақида сизларга хабар берайми? Биринчиси Аллоҳ томонга интилди, Аллоҳ ҳам унга интилди. Иккинчиси ҳаё қилди, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди. Учинчиси юз ўгирди, Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди”. Ушбу ҳадиснинг шарҳида, иккинчи одам Набай алайҳиссалом ва у ердаги бошка одамлардан ҳаё қилгани сабабли ҳалқа орасига тиқилмади, дейилган. Қози Иёз роҳимаҳуллоҳ эса, иккинчи одам илм мажлисини ташлаб кетишдан ҳаё қилиб, гарчи ҳалқада жой йўқ бўлса ҳам орқага ўтирди, деганлар. Илм мажлисини ташлаб кетишдан ҳаё қилди Аллоҳ ҳам уни азоблашдан ҳаё қилади. (Ҳадис Имом Бухорий ривояти. Шарҳ “Умдат ул-қорий” китобидан олинди) Илм мажлисларига интилиш мавзусидаги бу ҳадисни Аллоҳ ҳам бандасидан ҳаё қилишига далолат қилгани учун келтирдик. Аллоҳнинг ҳаё қилиши махлуқотларнинг ҳаёсига ўхшамайдиган Ўзига хос ёки мажоздир. (Аллоҳ таоло ҳеч бир махлуқотга ўхшамайдиган олий ва пок зотдир.)

- Ҳаё кишининг одат тусига айланиб қолиши. Чунки Aллоҳдан ҳаё қилишга одатланган кишини ҳаёси ёмон ишлардан қайтариб туради. Бора-бора бу ҳаё унинг ажралмас хусусиятига айланиб қолади. Зеро ҳаё иймоннинг бир бўлагидир.

10-одоб. Aллоҳнинг исму-сифатларининг тақозосига кўра амал қилиш.

Бу Aллоҳ таолога иймон келтиришнинг энг асосий самараларидан бири ҳисобланади. Чунки банда Aллоҳга иймон келтирар экан, Унинг гўзал ва мукаммал исму-сифатларига ҳам иймон келтиради. Бу иймон эса кишини Aллоҳнинг исму-сифатларига мувофиқ амал қилишга ундайди.

Масалан, Aллоҳнинг ҳар нарсани эшитувчи эканига иймон келтирган киши Aллоҳнинг ғазабини келтирадиган сўзларни сўзламайди. Aллоҳнинг ҳар нарсани кўрувчи, ҳар нарсадан хабардор эканига иймон келтирган киши гуноҳ қилишдан тийилади. Aллоҳнинг кенг ризқ берувчи эканига иймон келтирган киши ризқ талабида Ундан ўзгага мурожаат қилмайди. Aллоҳнинг чексиз қудратли эканига ишонган киши эса Унга нисбатан хорлигини зиёда қилади.

Ҳудди шу каби банда Aллоҳ таолонинг бошқа исму-сифатларига иймон келтириб, уни тушуниб, уларга мувофиқ амал қилиши лозим.

Қуйидаги ҳадиснинг умумий маъноси ҳам шунга далолат қилади. Aбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий алайҳиссалом айтадилар: «Aллоҳ таолонинг тўқсан тўққиз исми бор. Бир кам юзта. Ким уни санаса жаннатга киради». (Имом Муслим ривояти)

Ушбу ҳадисдаги «санаса» (аҳсо) сўзини баъзи уламолар «ана шу исмлар тақозосига кўра амал қилса» деб изоҳлашган.

Хулоса шуки, Aллоҳнинг гўзал исму-сифатларига мувофиқ амал қилиш мўмин учун энг фойдали иш ҳисобланади. Бу – мўмин ўз қалбини, тана аъзоларини, амалларини ислоҳ қилишига сабаб бўлади.

11-одоб. Aллоҳнинг марҳамати билан азиз бўлиш.

Aллоҳ таоло Мунафиқун сурасида «…Aзизлик Aллоҳга, Унинг росулига ва мўминларга хосдир», дея марҳамат қилган. Демак Aллоҳ таоло мўминларни ўз марҳамати билан азиз қилиб қўйган.

Бу оятни ўқиган мўминнинг қалби улуғликка тўлади. Хорлик ва заифлик унга муносиб эмаслигини ҳис қилади. Шундай экан мўмин киши Aллоҳдан ўзга ҳеч кимга хорлигини изҳор қилмаслиги керак. Aзизлик ҳам хорлик ҳам Aллоҳдандир.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Рамазон ҳайити одоблари

1709 08:50 20.04.2023

Ҳасад ва ҳаваснинг нозик фарқлари 

8066 13:34 10.04.2023

Таомланиш одобини унутяпмиз

1527 16:15 30.06.2022

Одоб-ахлоққа чорловчи кўрсатувлар вазифасини уддалаяптими?

1180 17:12 29.06.2022

Бизга Бухорий керакми ёки беодоб тиктокерми?

2004 18:30 09.07.2021

Одоблар алифбоси (6-мақола)

1559 20:45 08.06.2021
« Орқага