Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, мамлакатимизда ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга БАА Халифа бин Бин Зоид Оли Нахаён номидаги хайрия жамғармасининг техник кўмагини жалб этиш бўйича Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида шу кунларда Ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим имзоланган.
Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 27 млн долларни ташкил этади ва молиялаштириши тўлиқ Халифа бин Бин Зоид Оли Нахаён жамғармасининг грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Жумладан, бу маблағлари ҳисобидан Нукус шаҳрида юз нафар беморга мўлжалланган ҳамда дизайн ва техник жиҳозлари бўйича ҳудудда ягона бўлган янги шифохона қурилади. Шифохонада туғруқолди ва туғруқ бўлимлари, оналар ва янги туғилган чақалоқлар учун палаталар, оналар ва болалар интенсив терапияси бўлимлари, жарроҳлик бўлими, шифохона, амбулатория ва маслаҳат диагностика бўлимлари ҳамда лабораториялар бўлади.
Ҳозирги вақтда объектда қурилиш ишлари бошланган. 2022 йил якунига қадар унинг тўлиқ қуриб битказилиши кутилмоқда. Энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган янги тиббиёт маскани Оролбўйи минтақаси аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини сезиларли даражада яхшилашга имкон беради.