Кеча ёзган муносабатимда расмий хабар ва муносабатлар бўлмагунча Қорақалпоғистон масаласида фикр ёзмай туришни сўраган эдим. Бугун алҳамдулиллаҳ, воқеалар ҳақида расмий хабарлар ҳам, муносабатлар ҳам берилди. Асосийси Президентимиз воқеаларга жойида баҳо бериб, конституциянинг Қорақалпоғистон суверенитетига тегишли қисми таҳрирсиз аввалгидек қолиши кераклиги ҳақидаги қарорлари эълон қилинди.
Президентнинг қарорларини икки сабаб билан тўлиқ қўллаб-қувватлайман:
1. Вазият кўпроқ у киши ва атрофидаги қарор соҳибларига аёнроқ ва тушунарлироқ. Бизга улар бир томондан ва ноаниқ шаклда кўринади.
2. Инсонлар ҳис-туйғуларга бериладиган бундай нозик ва низоли вазиятларда фақатгина олий раҳбарга итоат этиш ва можароларни узил-кесил ҳал қилишда улар ваколатли эканини эътироф этиш ислом динимиз таълимотларидан ҳисобланади.
Можароли вазиятга нуқта қўйилди. Энди ҳамма томон тинчланиши керак. Хусусан қорақалпоқ биродарларимиз. Чунки уларни норози қилган муаммо ечилди. Энди буёғига қондош ўзбеклари билан олдингидай яхши қўшничилик, тинч-тотувлик ва ўзаро ишонч билан келажакларини қурмоқлари керак. Чунки неча асрдан бери елкама-елка яшаётган ўзбекдан яқин дўсти йўқ қорақалпоқнинг. Қолганлар фақат миллат фожеасидан ўзининг манфаати учун "йиғлайдиган" "дўстлар" ҳисобланади. Бу йиллар исботлаб қўйган ҳақиқатдир.
Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз, оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ислоҳ қилинглар! Аллоҳдан қўрқинглар — шояд У зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангизлар. "Ҳужурот сураси", 10-оят.
Ўзбек ҳам, қорақалпоқ ҳам мусулмон халқлар.
Яна Аллоҳга юзланаман. Эй Аллоҳ! Бу икки қондош халқнинг дўстлигини абадий қилгин! Бу дунёда тинч-тотув ва фаровон яшамоқликни, Охиратда эса жаннатларда бирга бўлмоқни насиб этгин! Зеро, биз дини бир, мазҳаби бир ва тили бир икки жондош халқмиз!
Мубашшир Аҳмад