Наманган давлат университетида янги ташкил этилган тиббиёт факультетининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Жорий ўқув йилида университетда бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича даволаш иши ва педиатрия йўналишларига жами 50 та ўрин ажратилди ва талабалар қабул қилинди. Уларнинг сони оширилган тўлов-шартнома асосида ўқишни хоҳлайдиганлар ҳисобига ортиши ҳам мумкин.
Тиббиёт факультети учун алоҳида бино, маъруза, амалий ва лаборатория машғулотлари учун замонавий жиҳозланган хоналар ажратилди. Зарур ўқув-меъёрий ҳужжатлар, янги ўқув йили юкламалари шакллантирилди. Университет ахборот-ресурс марказига ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги тиббиётга оид 3000 та электрон адабиётлар олинди.
Талабаларни ўқитиш жараёни қўшни Андижон давлат тиббиёт институти билан ҳамкорликда олиб борилади. Уларнинг амалиётини йўлга қўйиш, шифохоналар моддий-техник базасидан фойдаланиш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан шартнома имзоланди.