Президент Шавкат Мирзиёев томонидан «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор имзоланди.
Қарорга кўра, жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб «Меҳр дафтари» тизими доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларни молиялаштириш учун етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилади. Шунингдек, молиялаштириш ишлари Қорақалпоғистон вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан бажарилиши айтилган.
Дафтарга киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг маблағлари ҳомийлик маблағлари, алкоголь маҳсулотларининг (пиво ва табиий вино бундан мустасно) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар соф тушумининг уч фоизи миқдоридаги ажратмалардан олинади. Шунингдек, ушбу тартиб 1 январдан амал қилиши маълум бўлган.