Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш, қоидабузарликнинг такрорланишининг олдини олиш мақсадида президент қарорига асосан янги тартиб жорий этилмоқда. Тизим 2022 йил 1 декабрдан амалга жорий қилинади.
«Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра:
Йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш ҳамда уларни такроран бузиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида 2022 йил 1 декабрдан бошлаб қуйидаги тартибни назарда тутувчи, ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими жорий этилмоқда:
- ҳар бир йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун 12 ой давомида алоҳида жарима баллари ҳисоблаб борилади;
- ҳисобланган жарима баллари белгиланган миқдордан ошган ҳолларда ҳайдовчи маълум муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан ўрнатилган тартибда маҳрум қилинади;
- муайян давр мобайнида қоидабузарлик содир этмаган ҳайдовчиларга кейинчалик ҳисобланган жарима балларини қисқартириш орқали рағбатлантириш чоралари қўлланилади.
Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятини амалга оширувчи барча таълим муассасалари ва имтиҳон марказларига фаолиятни амалга ошириш учун лицензия ИИВ томонидан берилади.
Автомактабларнинг инновацион педагогик технологияларга асосланган ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, шунингдек, уларнинг ўқитувчи, ҳайдовчи-йўриқчи ва мураббийларини шартнома асосида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари ИИВ Академияси томонидан амалга оширилади.