Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Рамаллоҳда Исроил делегациясини қабул қилди, дея хабар бермоқда “Анадолу” агентлиги. Делегация таркибида Исроил Соғлиқни сақлаш вазири Ницан Горовиц ва Минтақавий ҳамкорлик вазири Иссауй Фреж бор эди.
Учрашув чоғида Маҳмуд Аббос Исроил оккупациясини ва яҳудийлар учун турар жойлар қурилишини тўхтатишга, халқаро тузилмаларнинг қарорларига асосланган ҳолда адолатли тинчликни таъминлашга чақирди.
Аббос фаластинликларнинг уйларини бузишни тўхтатиш ва Шарқий Қуддусда яшайдиган фаластинликларни кўчиришни тўхтатиш кераклигини таъкидлади. Шунингдек, у Исроил турмаларида сақланаётган фаластинликларнинг ҳуқуқлари бузилишига эътибор қаратди.
Исроил делагацияси Фаластин – Исроил можаросини “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида ҳал этилиши тарафдори эканлигини маълум қилди.