Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бакалавриат ва магистратура мутахассисликларида кундузги таълим шаклида таҳсил олиб, 2021 йил 1 ноябрга қадар коронавирус инфекциясига қарши ихтиёрий равишда эмланган (яъни вакцина олган) талабаларга стипендиясиз базавий тўлов-контракт миқдорларига бир марталик 10 фоиз чегирма бонуси берилишини маълум қилди.
Вазирликнинг қайд этишича, Давлат комиссиясининг қабул қилган қарорига асосан бугунги кунда республикадаги пандемия шароитини инобатга олиб, базавий тўлов-контракт миқдорлари ҳақиқатда ўрнатилиши лозим бўлган миқдорларга нисбатан камайтирилган миқдорларда тасдиқланди, яъни 2021/2022-ўқув йилида тўлов-контракт миқдорлари 10 фоиз оширилмаган, балки ўрнатилиши лозим бўлган миқдорга нисбатан 21,1 фоизга кам этиб белгиланган.
«Эътиборли жиҳати шундаки, бунда коронавирусга қарши ихтиёрий равишда эмланган кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар учун контракт миқдори ўзгаришсиз қолади, – дейилади вазирлик баёнотида. – Мисол учун, педагогика, техника, гуманитар йўналишларида ўқиётган талабалар стипендиясиз базавий тўлов-контракт суммаси 10 фоиз миқдорда чегирма бонуси берилгандан сўнг 5 771 349 сўмни ташкил этади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, бугун белгиланган тўлов-контракт миқдорлари талабани ўқитиш харажатларининг ўртача 68,4 фоизини қоплайди холос».