Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов бошчилигидаги делегация Корея Республикасида бўлиб турибди, дея маълум қилди вазирлик матбуот хизмати.
Делегация меҳнат миграцияси соҳасидаги ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш, Ўзбекистондан Жанубий Кореяга шартнома асосида узоқ муддатли ва мавсумий ишчилар юбориш масалаларини қайта кўриб чиқиш, айни пайтда ушбу мамлакатда меҳнат шартномаси билан ишлаётган ишчиларга яратилган шароитлар билан танишишни мақсад қилган.
Ташриф доирасида Квангжу шаҳрида ташкил этилган “Ўзбекистонликлар учун ижтимоий ҳимоя қилиш маркази”нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Марказнинг айнан Квангжу шаҳрида ташкил этилишига асосий сабаблардан бири ушбу ҳудудда 4,6 минг ўзбекистонлик фуқаролар меҳнат фаолиятини олиб бориши эканлиги таъкидланди.
Тадбирда Ўзбекистон делегацияси аъзолари билан биргаликда мамлакатимизнинг Корея Республикасидаги элчихонаси консули, Квангжу шаҳар мэри, HRD Korea ташкилоти раисининг ўринбосари, Халқаро “Ротари” ташкилотининг раҳбари ва бошқа нуфузли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Унда вазир Нозим Хусанов сўзга чиқиб, ушбу марказни зарур жиҳозлар билан таъминланиши, шунингдек унинг фаолияти учун мутахассис ажратилишини маълум қилди.
Марказда бир вақтнинг ўзида 15 нафар оғир аҳволда қолган меҳнат мигрантлари ва бошпанасиз фуқароларга ёрдам кўрсатиш, шунингдек меҳнат миграцияси ва амалдаги қонунчилик нормалари тўғрисида маълумотлар билан меҳнат мигрантларини таништириб бориш кўзда тутилган.