Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) саратон касаллигига чалинувчилар сони кескин ортиши мумкинлигидан огоҳлантирди, дея хабар бермоқда DW.
Ташкилот маълумотига кўра, 2018 йилда дунё бўйича саратон касаллигидан вафот этганлар сони 9,6 миллионни ташкил этди. Агар ҳозирги вазият сақланиб қоладиган бўлса, келгуси йигирма йилда саратон билан оғриган беморлар сони 60 фоизга ортади.
Саратонга чаланиш ҳолатларининг ортиши биринчи навбатда камбағал давлатларда кузатилиши кутилмоқда, чунки уларнинг имконияти чекланган. “Улар маблағни асосан юқумли касалликларга қарши курашиш учун сарфлайди ва саратонга қарши курашиш учун жуда оз маблағ қолади”, – дейди ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гербрейесус.
Африка ва Жанубий Осиёда саратонга чалинган беморларни даволаш учун керакли инфратузилмага эга мамлакатлар сони 15 фоизга етмайди.
2018 йилда дунё бўйича саратонга чалинган 18,1 миллион бемор бор эди. Саратоннинг энг кўп учрадиган турларига ўпка, сут безлари ва ичак саратонлари киради.