Американинг Associated Press (AP) ахборот агентлиги ижтимоий тармоқларда Исроилни танқид қилган мухбири Эмили Уайлдерни ишдан ҳайдади. Журналист Исроилнинг Фаластинга нисбатан ҳаракатларини, хусусан, Шарқий Қуддуснинг Шайх Жарроҳ маҳалласидаги фаластинликларнинг уйларидан кўчирилишини қоралаган эди.
Бундан ташқари, Уайлдер бир қатор ОАВни Яқин Шарқдаги ҳодисаларни бир томонлама ёритгани учун танқид қилган.
Washington Post нашрига интервью берган Эмили Уайлдернинг айтишича, у билан тузилган меҳнат шартномаси “ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тамойилларининг бузилиши” баҳонасида бекор қилинган. Бироқ бу тамойиллар айнан нималардан иборат эканлиги ҳақида маълумот берилмаган.
Миллати яҳудий бўлган Эмили Уайлдер Стэнфорд университети ўқиб юрган пайтида “Фаластин учун адолат талаб қилган талабалар” ва “Тинчлик учун яҳудийлар овози” клубларининг аъзоси бўлган.