Ислом дастлаб пайдо бўлган юрт ва замонда қиз бола туғилган оила мотам тутар ва кейинчалик ор-номус ва иқтисодий қийинчиликка сабаб бўлмасин, деб қизни тириклайин кўмиб юборилар эди.
Қуръони Карим бу одатларни қаттиқ қоралади ва ман қилди. Мусулмон оилаларда қиз бола туғилса, ўғил бола туғилгандан кўра кўпроқ хурсанд бўлиш жорий қилинди. Қизларни яхшилаб тарбия қилганларга ўғил болаларни тарбия қилганларга берилгандан кўра кўп ваъдалар берилди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг учта қизи бўлса-ю, у уларнинг хархашаларига, оғирликларига сабр қилса, Аллоҳ уни уларга кўрсатган раҳми туфайли жаннатга киритур», дедилар.
Бир киши:
«Иккита қизи бўлса-чи, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўради.
«Иккита қизи бўлса ҳам», дедилар.
Бир киши:
«Биттта бўлса-чи, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўради.
«Битта бўлса ҳам», дедилар».
Яна бир ривоятда: «ёки уч синглиси бўлса-ю», деб келган.
Қизларнинг тарбияси, таълими ва маданияти ҳамда, яшаб, ўсиши учун зарур бўлган ҳар бир нарса отанинг зиммасидаги фарздир. Ота бу фарздан фақат қиз турмушга чиққанидан кейингина озод бўлади, чунки энди бу фарз эрнинг зиммасига ўтган бўлади. Отаси ёки эри йўқ аёлнинг нафақаси акаси ёки унинг ўрнини босувчи бошқа шахсларга вожиб бўлади. Умуман, Исломда аёл киши нафақасиз қолиши мумкин эмас. Қизнинг нафақаси отага, хотинники эрга, сингилники ака-укага, онаники ўғилга вожиб бўлади.
Ислом аёл кишига таълим олиш ва маданий савиясини ошириш ҳаққини берди ва эркакларни бу ишга масъул қилди. Илм талаби эркак-аёлга баробар фарзлигини, қизларига ва сингилларига таълим-тарбия берган киши жаннатга ҳақли бўлишини яхши биламиз...
Аёл киши фақат таълим олиш, дарс, хутба ва ваъз эшитишгагина ҳақли эмас, балки таълим бериш, дарс айтиш ва бошқа илмий ишлар билан машғул бўлиш мажбуриятида ҳамдир.
Муслима аёллар илм-фан ва маданият соҳасида улкан ютуқларга эришганликлари ҳаммага маълум. Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун мисол ҳам келтирайлик.
Шифо бинт Абдуллоҳ розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Ҳафсанинг олдида ўтирган эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб қолиб, менга: «Бунга ёзишни ўргатганингдек, намила руқйасини ҳам ўргатмайсанми?» дедилар».
Абу Довуд, Насоий ва Аҳмад ривоят қилишган.
Олима аёллар вакиласи Оиша онамиз ҳадис ривоят қилиш бўйича иккинчи ўринда турадилар. Улкан саҳобийлар ўзлари билмаган нарсаларини, ҳал қила олмай қолган масалаларини Оиша онамиздан сўрар эдилар. Ўша вақтнинг шароитида бу нарсалар дунё миқёсида катта ўзгаришлар эди.
Муслима аёлнинг жамият, сиёсат ва шариат майдонларида ҳам керагича ўз улуши бўлган. Муслима аёлнинг тўғри фикрини, ҳақ овозини забардаст халифа ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳам эшитган, қабул қилган.
Дунёга Умари Одил номи билан машҳур бўлган забардаст ҳалифа Умар ибн Хаттоб ўз даврларида маҳр миқдори ортиб кетганини мулоҳаза қилдилар. Бу ишни муолажа қилиб, маҳрни чеклаш мақсадида кўпчилик ичида хутба қилиб:
«Огоҳ бўлинглар! Аёлларнинг маҳрида ҳаддан ошманглар! Агар (маҳр) бу дунёда икром, Аллоҳнинг ҳузурида тақво бўладиган бўлса, унга сизнинг энг ҳақлийингиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларидан бирортасига ўн икки увқиядан ортиқ маҳр бермаганлар. У зотнинг қизларининг бирортасига ҳам бундан ортиқ маҳр берилмаган», дедилар.
Шунда бир аёл ўрнидан туриб:
«Эй Умар! Аллоҳ таоло: «У(аёл)ларнинг бирига беҳисоб маҳр берган бўлсангиз ҳам», дейди-ю, сен бизга буни чегаралайсанми?!» деди.
Хутбаси бу шаклда кесилган халифа:
«Аёл тўғри айтди, Умар хато қилди», деб ўз хатосини ҳамманинг олдида тан олди. Ўша жасур аёлнинг шарофати ила ҳозирги кунимизгача бирорта одам аёлларнинг маҳрини чегаралашга журъат қила олгани йўқ. Бундай иш аёл киши мўътабар бўлган жамиятдагина бўлиши мумкин...
Ислом аёлларнинг ҳурмат-эҳтиромини ўрнига қўйиб, аёллик латофатларини сақлаб қолишлари учун, аёллик вазифаларини тўлиқ адо этиш орқали ўз жамиятларига, ватанларига, динларига керакли хизматни адо этишлари учун барча шароитни яратиб берган.
Ислом эркакларга мос бўлган оғир ишларни аёлларга фарз қилмаган, лекин аёларга хос баъзи ишларни эркакларга хос ишлар ила тенглаштириб, улар билан тенг ажр олишни жорий қилган. Мисол учун, аёлларнинг туғишдаги қийноқларини эркакларнинг душманга қарши жиҳодига тенглаштирган...
Исломий нуқтаи назарда бола тарбияси, келажак авлодни кўнгилдагидек қилиб етиштириш, оила мустаҳкамлиги аёлларнинг кўчага чиқиб, ўзига мос бўлмаган ишларни қилиб, тўрт-беш танга пул топганидан, аскарлик қилганидан ёки асфалът ётқизганидан афзал ҳисобланади.
Исломдан олдин аёл киши меросдан мутлақо маҳрум қилинар, эри ўлганда эса аёлни эрнинг қариндошларидан бири мерос тариқасида олар эди. Кейин хоҳласа ўзи хотин қилар, хоҳласа бошқага эрга бериб, маҳрини ўзи олар эди. Ислом бу золим ҳукмларни ботил этиб, аёл кишининг ҳам меросдан насибаси борлигини эълон қилди.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида:
«Эркаклар учун ота-она ва қариндошлар қолдирган нарсадан насиба бор. Аёллар учун ҳам ота-она ва қариндошлар қолдирган нарсадан насиба бор. Озидан ҳам, кўпидан ҳам. Фарз қилинган насиба ўлароқ», деган (7-оят).
Исломда давлат раҳбарини сайлаш, унга итоатни эълон қилиш байъат дейилади. Бу энг муҳим сиёсий ҳақ экани ҳаммага маълум. Қуръони Каримда эркаклар билан бир қаторда аёлларга ҳам байъат қилиш ҳуқуқи берилган.
Аллоҳ таоло Мумтаҳана сурасида:
«Эй Набий, агар мўминалар ҳузурингга келиб, Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик, ўғрилик қилмаслик, зино қилмаслик, фарзандларини ўлдирмаслик, қўллари ва оёқлари орасидан бўҳтон тўқиб келтирмаслик ва сенга маъруфда исён қилмасликка байъат берсалар, улардан байъат олгин. Ва Аллоҳдан уларга мағфират сўра. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», деган (12-оят).
Исломда аёлларни туғилганларидан умрларининг охиригача керакли маишат билан таъминлаш эркаклар зиммасига юклатилган, шунингдек, жамият учун зарур бўлган оғир ишларни бажариш ҳам эркакларга юклатилган. Ҳурмат ва эъзозга лойиқ бўлган аёллар эса ишлаш масъулиятидан озод қилинганлар.
Яна бир бор таъкидлаш лозимки, Исломда аёл кишининг ишлаши ман қилинмаган, балки бу масала аёл кишининг, унинг оиласининг, жамиятининг манфаатларидан келиб чиқиб тартибга солинган.
Ёш болаларни таълим ва тарбия қилиш, хотин-қизларга тиббий хизматлар кўрсатиш каби ишлар аёлларнинг иши ҳисобланади.
Мутақаддим ҳанафий фақиҳлардан Камолиддин ибн ал-Ҳумам: «Агар аёлнинг хотинларга хос фарзи кифоя ишда ҳунари бўлса, унинг эри (ишга) чиқишидан ман қила олмайди», деганлар.
Шунингдек, аёл киши эрининг ишида ёрдамчи бўлиши, оиласи муҳтож бўлганда ҳалол йўл билан ҳалол меҳнат қилиши жоиз. Яъни ўзи хоҳласа ишлайди, бўлмаса биров уни мажбур қила олмайди. Баъзи уламоларимиз: «Нодир қобилиятга эга бўлиб, жамиятга фойдаси кўп бўлган аёллар ҳам ишлашлари тавсия қилинади», деганлар.
Қолган пайтларда аёл кишини ишлашга мажбур қилиш йўқ. Уни турли йўллар билан ташвиқот қилиб, арзон иш кучи сифатида эзишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аёл-қизларни тонг-саҳарда далага ҳайдаб кетиб, хоҳлаганича ишлатиб, тун қоронғусида қайтариб олиб келишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аёлларни ўзларига мос бўлмаган ишларда ишлатиб, уларнинг аёллик латофати ва оналик қобилиятига футур етказишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
“Иймон” китобидан олинди