Ислом динининг илм-маърифатга қанчалар аҳамият билан эътибор бериши ҳеч қимга сир эмас. Буни Пайғамбар алайҳиссаломга нозил бўлган илк оятлар ўқишга буйруқ эканидан, қалам ва илм ҳақидалигидан билиб олса бўлади. Қолаверса, Муҳаммад алайҳиссалом ўзларини “муаллим”, деб сифатлаганлар. Яъни, “Албатта мен муаллим қилиб юборилдим”, дея марҳамат қилганлар. Шунинг учун ҳам илм олиш ҳар бир муслим ва муслима учун вожиб (фарз) амалга айланди.
Илм олиш борасида аёлларнинг мавқеи эркакларникидан асло кам эмас.
Қуръони каримда илм олишга далолат қиладиган, хусусан, аёллар таълимига доир ояти карималар мавжуд, масалан, “(Эй пайғамбар аёллари) виқор билан уйингизда ўтиринг. Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг. Намозни тўкис адо этинг, закот беринг, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Албатта, Аллоҳ сиздан кирни кетказиб, бутунлай поклашни хоҳлайди, эй аҳли байт. Уйларингизда тиловат қилинаётган Аллоҳнинг оятларини ва ҳикматни эсланг (ёд олинг). Аллоҳ Латиф ва Хобир Зотдир” (Аҳзоб, 33-34).
Бу ояти каримада хитоб қилинаётган томон пайғамбар алайҳиссаломнинг аёллари бўлиб, оятнинг нозил бўлиш сабаби хос, ҳукми эса ом – умумий, барча муслима аёлларга тегишлидир. Демак, ояти каримадаги “Уйларингизда тиловат қилинаётган Аллоҳнинг оятларини ва ҳикматни эсланг (ёд олинг)” жумласи набий алайҳиссаломнинг аёллари оят ва ҳикматларни эслашга, ёд олишга масъул (мукаллаф) эканликларини кўрсатади. Бу эса барча муслима аёлларга тегишлидир.
Уламолар: “Ушбу оят аёлларнинг Қуръон ва суннат ҳукилари, умуман диний таълим олишларининг вожиблигига далолат қиладиган энг кучли далиллардан бири ҳисобланади”, дейишган. Чунки бу борада аёллар эркаклар билан бир хил. Бу илмлар эркакларга бўлганидек аёлларга ҳам гўзал ахлоқлар, оилавий муносабат одобларини ўргатади ҳамда комиллик ва шараф мартабасига кўтаради.
Бошқа бир ояти каримада эса: “Эй иймон келтирганлар, ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган жаҳаннам оловидан сақланг”, дейилган (Таҳрим, 6).
Салаф муфассир уламолар, хусусан, Али, Мужоҳид ва Қатода ушбу оятни тафсир қилиб айтишган: “Бу оятдан кўзланган мақсад жаҳаннам оловидан уларни қутқарадиган илмларни аҳли оиласига ўргатиш учун ундаш ҳисобланади”.
Имом Абу Бакр Жассон роҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида: “Бу оят ҳар бир эркакнинг зиммасида ўз фарзандлари ва аҳли аёлини ўзларига керак бўладиган дин ва одоб илмларидан хабардор этишлари лозимлигига далолат қилади”, деганлар.
Кейинги оятда эса: “Билмасангиз зикр(илм) аҳлидан сўранг” , дея марҳамат қилинган (Анбиё, 7).
Бу оят ҳам билмаган нарсаларимизни уламолардан сўрашимиз, ўрганишимиз вожиб эканига очиқ ойдин далилдир. Бу оятдаги “сўранг” буйруғи эркак жинсига қаратилган бўлса-да, ҳукми умумий, аёлларга ҳам тегишлидир. Умуман, Қуръон оятлари ва Ҳадис матнларидаги умумий ҳукмлар гарчи эркак(музаккар) жинси сийғасида ишлатилса ҳам умумий, эркаклару аёлларга баробар қаратилган. Агар ҳукм фақат аёлларга ёҳуд фақат эркакларга хос бўлса, буни билдириб турадиган бошқа яна бир қўшимча бўлади.
Бошқа бир ояти каримада “Аллоҳдан бандалари орасида фақат олимларигина қўрқарлар” , дейилади (Фотир, 28).
Бу ояти каримада бандалар орасида Аллоҳдан қалбида ҳикмат ва маърифат борларгина қўрқишлари маълум қилинмоқда. Чунки Аллоҳ таниган кишиларгина Унинг азамати ва қудратини яхши англайди. Оятда “олимларигина” деганда олима аёллар ҳам, олим эркаклар ҳам назарда тутилган.
Кейинги далилларимиз Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти карималаридир. Мужодала сурасида келадики: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм берилганларнинг даражаларини кўтарур” (Мужодала, 11 ). Зумар сурасида эса: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!”, дейилган (Зумар, 9).
Имом Фахриддин ар-Розий роҳимаҳуллоҳ ушбу оят ҳақида: “Бу илмнинг фазилатини англаш учун етарлича танбеҳдир”, деганлар.
Кейинги оятда эса: “У кимни хоҳласа, ўшанга ҳикматни беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, унга кўп яхшиликлар берилган экан. Фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар” , дея марҳамат қилади Аллоҳ таоло (Бақара, 269).
Бу ва бундан аввалги икки оятда ҳам гап фақат эркаклар ҳақида кетаётганини билдириб турадиган ишора йўқ. Демак юқорида айтганимиздек, бу оятлар эркакларни ҳам аёлларни ҳам баробар қамраб олади.
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил