Эсимни танибманки, ҳайит намозига отамсиз чиқмаганман. Ҳатто сафарда бўлсаларда ҳайит куни уйда бўлардилар. Ўртада отам, икки четларида мен ва укам.
Отамсиз ўтган биринчи, иккинчи, ҳатто учинчи ҳайит намозини ҳеч унутолмайман. Қандайдир алам қилган. Ўксинганман. Йиғлаб ўпкаларим шишиб кетарди. Барча мусулмонларнинг кўзида байрам, қувонч, шодлик. Менда эса, кўз ёш, қайғу, истироб...
Ўша ийдларнинг бирида қалбим ҳеч ёришмади. Уйда ёлғизман. Осмон булутли. Асрга оз қолди. Фалак гумбурлаб, қаср-қуср қилиб жала қуйди. Негадир жалага қўшилиб кўзимдан ёш қуярди. Кўча эшикни қулфлаб масжидга йўл олдим, пиёда.
Кўчада мендан бошқа одам йўқ. Кийимларим бўкиб бўлган. Масжидга ҳали анча бор. Яқинлашганим сари қалбим очилар, отам соғинчи босилар, қандайдир ҳотиржамлик сезардим. Хонақоҳга такбирга кириб келдим. Жамоатга қўшилдим. Имомнинг саломидан сўнг бор ғамим кўтарилиб кетти, алҳамдулиллаҳ.
Ўша-ўша юрак сиқилса ёки қувонса, ғам ёки қайғу етса, шод ёки маҳзун бўлсам, Аллоҳ бирон неъмат берса, ишим ўхшаса, мушкулим ечилса, хуллас нима бўлса ҳам масжидга чопар, хурсандчилик бўлса шукур саждаси, хафалик етса икки ракат нафл ўқиб, илтижо қилардим.
Ишонинг, риё эмас, охирги беш ойда энг керакли нарсамни, тана аъзоимдан-да қадрли бир нимамни йўқотиб қўйдим. У йўқ. Жуда ҳам керакли онларда йўқ.
Азон айтадиган додамни, "деворга суянма" деб койидиган амакимни, машинасини ўртага қўйиб кетадиган отахонни, ўғилларимни кўрганида, "келдингми ўртоғим?!" деб, конфет берадиган чолларни, қори акамни қироатларини, мушкчи болани, таҳоратхонани тозалаб қўядиган йигитни, намозхонларни, жамоат намозини, масжидимни соғиндим!
Мутасаддилар, раҳбарлар, сизга жоним фидо бўлсин, илтимос, масжидларни очинглар! Ҳозир бизга масжид, жамоат дуоси ҳар қачонгидан зарур. Қалб сакинат топа олмаяпти. Аллоҳ сизлардан рози бўлсин. Масжид очилиши йўлидаги ҳар бир қадамингизга ажр, ҳар бир тўсиққа қасрлар берсин. Амин!
Абдуқодир МУҲАММАДРАСУЛ