Халқ таълими вазирлигининг маълум қилишича, жорий йилнинг 11 ойи давомида вазирлик тизимида жами 368,6 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликларнинг олди олинишига ва бартараф этилишига эришилган.
Шунга қарамасдан, йил бошидан ҳозирги кунга қадар вазирлик томонидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасида жами 88,0 млрд. сўмлик молиявий хато-камчиликлар, шундан 27,5 млрд. сўмлик ўғирлик ва камомад аниқланган.
Мисол учун, жорий йилнинг ноябрь ойида Ҳисоб палатаси биргаликда ўтказилган Андижон вилоятининг Андижон шаҳрида 11,5 млрд. сўм, Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида 11,0 млрд. сўм ҳамда ушбу вилоятнинг Гулистон шаҳрида 4,0 млрд. сўм миқдорда бюджет маблағлари ўзлаштириб юборилган.
Таркибида жиноят аломатлари бўлган 159 та 72,9 млрд. сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чоралар кўриш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилди.
Ҳозирга қадар соҳада аниқланган йўл қўйилган хато ва камчиликлари юзасидан 243 нафар раҳбар ходимлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган, 3 минг 415 нафарига нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилган, 151 та ҳолат бўйича тўпланган материаллар ҳуқуқ-тартибот идораларига юборилган.
Ўтган давр давомида вазирлик томонидан 264 минг 41 нафар ходим ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, 963 нафарининг ҳуқуқи тикланган бўлса, 188 та ҳолатда бошқа давлат органлари томонидан фаолиятга ноқонуний аралашув ва текширувларнинг олди олинган.