Йил бошидан бери тўққиз ой давомида Беларус Ўзбекистонга 14,4 минг тонна гўшт етказиб берди, бу республиканинг умумий гўшт импортининг 68,2 фоизини ташкил этади, деб хабар қилган Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати.
«2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида Беларус Ўзбекистонга энг йирик гўшт импортчиси бўлиб, 14 минг 403 тонна гўшт импорт қилди», – дейилади матбуот хизмати хабарида.
2021 йилнинг январь-сентябр ойларида Ўзбекистон жами 21 109 тонна гўшт импорт қилган. 2020 йилга нисбатан шу даврда жами гўшт импорти 6865 тоннага, яъни 30 фоизга ошган.
Иккинчи ўринни Ўзбекистонга 3,2 минг тонна гўшт етказиб берган Қозоғистон, учинчи ўринни 2 минг тонна гўшт етказиб берган Украина эгаллаган. Россия Ўзбекистонга 559 тонна, Молдова 540 тонна гўшт етказиб берган.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Ўзбекистон озиқ-овқат нархларини пасайтириш мақсадида йил охиригача мол, қўй, товуқ гўшти, музлатилган балиқ ва картошка импортини ҚҚСдан озод қилган эди.
Azon.uz мухбири гўшт импорти бўйича бир неча саволлар билан Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумот марказига қўнғироқ қилиб, қўмитанинг Ташқи иқтисодий фаолият ва савдо статистикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳумоюн Ўрозбеков билан боғланди.
«Биз ҳар бир маҳсулотнинг ташқи савдоси бўйича маълумотларни эълон қиламиз. Лекин биз бу маълумотни Божхона қўмитасидан оламиз. Божхона қўмитаси ва Статистика қўмитаси ўртасида Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида ўзаро келишув бор. Шу келишувга асосан Божхона қўмитаси божхона юк декларациялари бўйича маълумотни бизга беради. Биз шуни қайта ишлаб, оммага тақдим этамиз. Энди ҳар бир товар бўйича батафсил маълумотга келадиган бўлсак, бу бизда йўқ. Яъни ҳайвонлар ҳақиқатан бўғизлаб сўйилганми ёки ток билан ўлдириб сўйилганми, ҳалол сертификати борми-йўқми, умуман тайёрланиш жараёни ҳақида маълумот йўқ», – деди Ҳумоюн Ўрозбеков.
Бу борада батафсил маълумот олиш учун Статистика қўмитаси матбуот котиби Усмон Абдурасуловга ҳам қўнғироқ қилдик. Ундан Давлат статистика қўмитаси бу йилги гўшт маҳсулотлари импорти ўтган йилгига нисбатан 30% кўплиги борасида берган маълумоти юзасидан изоҳ сўрадик.
«Менда тўлиқ маълумот бўлмаса-да, ўйлайманки, биздаги гўшт нархи қимматлиги учун импортни ошириб, нархга таъсир кўрсатиб бозорни тўйинтириш, шу йўл билан гўшт маҳсулотлари нархини пасайтириш учун қилинган чора», – деди Усмон Абдурасулов.
Матбуот котиби бу бўйича тегишли ташкилотларга мурожаат қилишимиз лозимлиги, мавзу юзасидан тўлиқ маълумотни Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан олишимизни маслаҳат берди. Биз Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Нигора Ходжаева билан боғландик. Нигора Ходжаева бизга бу ҳақида маълумотга эга эмаслигини, буни Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасидан сўраш кераклигини айтди.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот котиби Анвар Суюнов мазкур масала юзасидан шундай деди:
«Бизнинг Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ўз ваколатидан келиб чиққан ҳолда гўшт қайси давлатдан олиб келинадиган бўлса, шу ҳудудда ҳайвон касалликлари йўқми, сариқ ҳудудми ёки яшил ҳудудми, таркибида зарарли моддалар бор-йўқлиги юзасидан ўз хулосаларини беради. Лекин, тўғриси, унинг ҳалоллиги, сўйилиши ва боқилиши жиҳатдан биз жавоб бера олмаймиз. Бизнинг қўмита асосан гўшт таркибини ўрганади, импорт қилинаётган гўшт маҳсулотлари таркибида токсинлар ва зарарли моддалар бўлган тақдирда биз унинг юртимизга олиб кирилишига рухсат бермаймиз.
...Шу маълумотни айтишим керакки, 95% атрофидаги гўшт ўзимизда ишлаб чиқарилади деб айта оламан, чунки қишлоқ хўжалигида боқилаётган чорва моллари гўштлар табиийки ўзимизнинг бозорга чиқади. Импорт гўштлар бўлса колбаса, сосиска маҳсулотлари учун ишлатилади. Негаки, улар музлатилган ҳолда олиб келинганлиги учун бизнинг бозорда бундай гўштни сотиш амри маҳол. Негаки халқимиз азалдан янги сўйилган гўшт ейишга ўрганган».
Биз юртимизга импорт қилинаётган гўштнинг нечоғлик ҳалол эканлиги, ҳар томонлама шаръий ҳукмларга мос келиши борасида аниқ маълумот олиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан боғландик. Бизга (ўзини таништиришни хоҳламаган) Фатво бўлими ходими бу борада аниқ маълумотга эга эмаслиги, яхшиси, Фатво бўлими бошлиғи Ғуломжон домла билан боғланишимизни айтди. Биз Ўзбекистон мусулмонлари идораси девонхонаси томонидан берилган Фатво бўлими бошлиғининг ички рақамига бир неча бор боғланишга ҳаракат қилдик, лекин қўнғироғимизга ҳеч ким жавоб бермади.
Биз халқимизнинг гўшт импортининг ошишига муносабатини билиш учун Фейсбукдаги чорвачиликка ихтисослашган гуруҳга савол билан мурожаат қилдик. Деярли барча фикр билдирган ҳамюртларимиз ем-хашакнинг ҳаддан ташқари қимматлигидан мол боқиш бефойда бўлиб қолганини айтишган.
Жасур Камолов исмли фойдаланувчи “Ем-хашак қиммат. Чорва керакли вазнни олмасдан сўйилиб кетяпти. Бозор талабини қондиролмаяпмиз. Уйда боқилаётган қорамол сони шу йил кескин камайиб кетади. Келаси йил гўшт импорти икки баробар ошса ажаб эмас”, деган фикрни билдирган.
Республикамиз аҳолисининг 90 фоиздан ортиғи ислом динига эътиқод қилади. Шу сабабдан ейиладиган таомнинг ҳалол, шариат қоидаларига мувофиқ сўйилиши ўта муҳим. Шунингдек, чорвадорларни қўллаб-қувватловчи қарорлар қабул қилинмаса, ем-хашак нархини арзонлаштириш чоралари кўрилмаса, гўштнинг нархи осмонга кўтарилиб кетаверади.
Ёқуб Умар