Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Фиръавн бундан-да ҳашаматли қасрларни қурдирган эди...

3760

Ҳажжож Басра билан Кўфа оралиғидаги Восит деган шаҳарда ўзи учун қаср қурдирди. Сўнг одамлар томоша қилиб, дилхуш бўлишлари ва барака тилаб дуо қилишлари учун ҳаммани қасрга чорлади. Одамлар йиғиладиган бундай фурсатдан унумли фойдаланиб, уларга панд-насиҳат қилиш, дунё зеб-зийнатларига берилмай, Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузуридаги нарсаларга интилиш ва шу каби эслатмаларни баён қилиш умидида Ҳасан Басрий ҳам у ерга борадилар. Етиб боргач, одамлар қасрнинг ҳашаматига, кенглиги-ю катталигига, нақш ва зийнатига маҳлиё бўлиб, қаср атрофида айланиб юришган пайтда уларга гапира бошладилар:

– Ёмонларнинг ёмони қурдирган бу қасрни кўриб турибмиз, шуни билингларки, Фиръавн бундан-да катта ва ҳашаматли қасрларни қурдирган эди... Натижа нима бўлди? Аллоҳ Фиръавнни ҳалок этди, қурдирган қасрларини эса, ер билан яксон қилди... Кошкийди Ҳажжож само аҳли уни ёмон кўришини, ердагилар уни мағрурлантириб юборганини билса эди...

Ҳасан Басрий шундай қаттиқ-қаттиқ гапиришда давом этдилар. Ўша ердагилардан бири Ҳажжож Ҳасан Басрийни жазолашидан ҳадиксираб:

– Бўлди, эй Абу Саид, – деганида, Ҳасан Басрий:

– Аллоҳ аҳли илмлардан “...одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар!” деб аҳд-паймон олган, – деб сўзларида давом этдилар.

Эртаси куни Ҳажжож ғазабдан ёрилиб кетгудек ҳолда ўз қароргоҳига кириб, аъёнларига:

– Ҳалокат бўлсин сенларга, нонкўрлар... Басралик бир қул туриб, биз ҳақимизда хоҳлаганини гапирса-ю, уни тийиб қўядиган бирорта одам топилмаса!.. Аллоҳга қасамки, ҳаммангизга унинг қонини ичираман, қўрқоқлар, – деди ва қилич билан зеркунда (қатл қилишда тўшаладиган чарм тўшама) олиб келишни буюрди, сўнг жаллодни чақиртирди. Ҳузурида ҳаммаси ҳозир бўлгач,

Ҳасан Басрийни олиб келиш учун одамларини жўнатди. Оз ўтмай, Ҳасан Басрийни олиб келдилар. Кўзлар Ҳасан Басрийга қадалди, юраклар дукуллаб ура бошлади. Ҳасан Басрий қилич, зеркунда ва жаллодни кўргач, лабларини қимирлатиб қўйдилар. Сўнг Ҳажжожга юзландилар. У кишида мўминнинг улуғворлиги, мусулмоннинг азизлиги ва Аллоҳ йўлига чақирувчи даъватчининг виқори намоён эди. Ҳасан Басрийни ана шундай ҳолатда кўрган Ҳажжож сустлашиб:

– Хуш келибсиз, эй Абу Саид, хуш келибсиз... Қани, бу ёққа ўтсинлар... – деб илтифот кўрсатиб, ҳатто ўз тахтига ўтқазгунича “бу ерга ўтсинлар”, деб такрорлаб турган Ҳажжожни кўрган аъёнлар ҳайрон қолдилар. Ҳажжож сўнг тахтда ўтирган Ҳасан Басрийга юзланиб, диний масалалар ҳақида сўрай бошлади. Ҳасан Басрий ҳар бир саволга ҳайиқмай, чиройли баён ва кенг илм билан жавоб берардилар. Шунда Ҳажжож:

– Сиз уламоларнинг сайидисиз, эй Абу Саид, – деди ва қимматбаҳо хушбўйлик келтириб, у билан Ҳасан Басрийнинг соқолларини хушбўйлатиб, кузатиб қўйди. Ҳасан Басрий қароргоҳдан чиқиб кетгач, Ҳажжожнинг дарбони (эшик қоровули) чопиб келиб:

– Эй Абу Саид, аслида Ҳажжож сизни бошқа мақсадда чақиртирган эди. Сиз кирганингизда, қилич, зеркунда ва жаллодни кўриб, лабингизни қимирлатиб пичирлаганингизни кўрдим, менга айтинг, шунда нима дедингиз? – деб сўради.

Ҳасан Басрий айтдилар:

– Эй неъматларимнинг Хожаси ва ғам-аламда менга паноҳ бўлган Зот, Сен оловни Иброҳим алайҳис-салом учун салқин ва омонлик жойи қилганинг каби, бунинг ҳам қаҳр-ғазабини мен учун салқин ва омонликка айлантиргин, дедим...

  Камолиддин Иноятуллоҳ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Миср собиқ президентининг ўғли мамлакатни бошқарадими? Жамол Муборак ва унинг президентлик сайловларидаги имкониятлари

1457 18:45 13.07.2023

Миср Нилга параллел сунъий дарё қурмоқда

1811 09:21 12.07.2023

Туркия ва Миср элчиларини қайта тайинлади: минтақада зиддиятлар барҳам топмоқда

1213 18:35 04.07.2023

«Мисгар» лақабли буюк уламо

1152 09:25 23.06.2023

Миср 5 йиллик кўп марталик виза тизимини ишга туширди

1545 19:22 20.06.2023

Исроил Миср чегарасида янги чоралар кўрмоқда

1426 14:38 14.06.2023
« Орқага