Фаластин ҳукумати Халқаро жиноят судидан Исроил ва яҳудий кўчкиндилар томонидан Фаластин халқига нисбатан содир этилган жиноятларни зудлик билан текширишини талаб қилди.
Фаластин Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда айтилишича, Исроил ҳукумати ва яҳудий кўчкиндилар Қуддусдаги фаластинликларганг уйлари ва муқаддасотларига ҳужумлар уюштириб келмоқда. Бундан кўзда тутилган мақсад эса Қуддус шаҳрини яҳудийлаштиришдир.
Шунингдек, вазирлик Исроил Ғарбий соҳилнинг С ҳудудини аннексия қилишга ва бу ердан фаластинликларни суриб чиқаришга уринаётганини маълум қилди.
Жорий йилнинг 5 февралида Халқаро жиноят суди Ғазо сектори ва Иордан дарёсининг ғарбий соҳили ҳам унинг юрисдикциясига киришини, шу сабабли мазкур ҳудудларда Исроил ҳарбийлари амалга оширган жиноятларни текшира олишини айтган эди. Исроил ҳукумати эса буни қаттиқ танқид билан қарши олди, хусусан, бош вазир Биньямин Нетаньяҳу судни антисемитизмда айблади.