Халқаро миграция ташкилоти жорий йилнинг биринчи ярмида Европага денгиз орқали бормоқчи бўлган, бироқ йўлда чўкиб кетганлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баравар ортганини маълум қилди.
2021 йилнинг дастлабки олти ойида 1146 нафар мигрант Европага етиб боролмай, денгизда ҳалок бўлган. Ўтган йилнинг шу даврида эса мазкур кўрсаткич 513 нафарни ташкил этган эди. Халқаро миграция ташкилоти тегишли давлатлар халқаро ҳуқуқдан келиб чиққан масъулиятларини бажаришлари ҳамда бундай ўлимларнинг олдини олишлари лозимлигини эслатди.
Қайд этилишича, денгизда қутқариш ишлари билан шуғуллануви нодавлат ташкилотларнинг кемалари Европа портларига киришда маъмурий тўсиқларга дуч келмоқда. Хусусан, Италия бундай кемаларнинг масъулларига қарши жиноий ишлар қўзғатиб, қутқариш ишлари учун жиддий муаммолар туғдираётгани таъкидланди.
Халқаро миграция ташкилоти Ливия ва Шимолий Африка ўртасидаги денгиз йўлини энг хавфли деб топди. Жорий йилнинг биринчи ярмида бу йўлда 741 киши ҳалок бўлган. Ғарбий Африка ва Испаниянинг Канар ороллари ўртасидаги йўлда эса 250 киши чўкиб кетган.